Жамшид Ражабович Худоев Жондор тумани ҳокими этиб тайинланди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўзлаб, ҳудуднинг аввалги раҳбари Санъатилла Ҳикматов бошчилигида туманда сезиларли ишлар амалга оширилгани, у ҳозирда Навоий вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланганини эслаб ўтди.

Шундан сўнг сессияда ташкилий масала кўрилиб, Жамшид Худоев номзодини Жондор тумани ҳокими этиб тайинлаш тўғрисидаги вилоят ҳокимининг қарори депутатларга маълум қилинди.

Жамшид Худоев 1983 йилда Жондор туманида туғилган. 2004 йилда Тошкент давлат юридик институтини ва 2009 йилда Бухоро давлат университетини битирган. Мутахассислиги — ҳуқуқшунос ва иқтисодчи.

У меҳнат фаолиятини Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ ва валютага оид жиноятларга қарши курашиш департаментининг Қоровулбозор тумани бўлими суриштирувчилигидан бошлаб, ушбу тизимнинг Бухоро шаҳри бўлими инспектори, Бухоро ва Сирдарё вилоятлари бошқармалари инспектори, Гулистон шаҳри бўлими бошлиғи лавозимларида ишлаган.

2013 йилдан бери тадбиркорлик тизимида фаолият кўрсатмоқда. Бугунги кунда Жондор туманидаги «Чинор» фермер хўжалигини бошқариб келаётганди.

Аввалроқ Ҳалимжон Сафаров Бухоро тумани ҳокими вазифасини бажарувчи этиб, Ботир Аҳмедов эса Бухоро вилояти ҳокими биринчи ўринбосари этиб тайинлангани ҳақида хабар бергандик.