Ироқ Алоқа вазирлиги мамлакатда Telegram мессенжери блоклангани ҳақида маълум қилди, деб хабар берди NINA агентлиги 6 августдаги баёнотга таяниб.

Қарор ҳокимиятнинг «мамлакат миллий хавфсизлиги билан боғлиқ» кўрсатмаси билан «фуқароларнинг шахсий маълумотларини сақлаш» учун қабул қилинган. Вазирликнинг таъкидлашича, мессенжер Ироқ қонунларини бузган.

Шунингдек, хабарда айтилишича, Telegram`дан бир неча бор «расмий давлат идоралари ва фуқароларнинг шахсий маълумотлари сиздирилувчи платформалар»ни олиб ташлаш сўраган, бироқ компания бу сўровларга жавоб бермаган.

«Алоқа вазирлиги фуқароларнинг сўз эркинлиги ва коммуникация ҳуқуқларига ҳурмат билан қарайди. Аммо бу давлат ва унинг институтлари хавфсизлигига зарар етказмаслиги керак», — дейилади баёнотда.

Telegram Ироқ расмийларининг қарорига ҳозирча изоҳ бермади.

Июль ойи бошида вазирликнинг Рақамли медиа маркази Telegram`ни мамлакатда «фирибгарлик ва жиноий схемаларни режалаштириш, ўқитиш ва амалга ошириш учун идеал платформа» деб атаганди.

Марказ мессенжерда ироқлик фойдаланувчилар ва давлат идоралари маълумотларини сиздирувчи ва товламачилик билан шуғулланувчи ўнлаб каналларни аниқлаганини, бироқ сервиснинг техник кўмаги уларни ўчириш бўйича сўровларни «доимо эътиборсиз қолдиришини» таъкидлади.