Мисрда 6 июнь куни содир бўлган ЙТҲда жабрланиб, оғир тан жароҳати олган Ўзбекистон фуқароси икки ойдан сўнг ватанига қайтарилди, дея хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Оғир тан жароҳати олган бемор Қоҳирадаги шифохонанинг реанимация бўлимига ётқизилган. Унинг ўпкасида пневмоторакс, тос суяги ва чап оёғининг синиши, юзи ва танасида кўплаб гематомалар борлиги аниқланган.

Ўзбекистон элчихонаси ходимлари беморнинг аҳволини биринчи кунданоқ кузатиб борган. У 12 июнь куни Миср Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўмагида ҳукуматнинг инсонпарварлик ёрдами сифатида Қоҳирадаги Носир илмий-тадқиқот ва даволаш институтига бепул даволаниш учун ётқизилган. Тахминан икки ой давомида касалхонада бемор зарур тиббий кўрик ва тадқиқотлардан ўтказилган.

5 август куни фуқаро Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонаси, Uzbekistan Airways авиакомпанияси, Миср Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда ўзбекистонлик мутахассислар кўмагида Шарм аш-Шайх -Тошкент рейси билан Ўзбекистонга жўнатилган.

Элчихона Мисрга боришни режалаштираётган ўзбекистонликларни олдиндан тиббий суғурта қилишга ва чет элда қолиш вақтида эҳтиёт чораларини кўришга чақирди.