5 август куни ижтимоий тармоқларда Андижонда ногиронлиги бўлган абитуриент қизни елкасида кўтариб, имтиҳонга олиб кириб кетаётган ички ишлар ходимининг сурати тарқалди.

«Бизга шундай ИИБ ходимлари керак», — дея ёзиб қолдирди Telegram`даги Сафар блоги муаллифи сурат изоҳига.

Шу куни кечқурун Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ички ишлар ходимини тақдирлаган. Тақдирлаш маросими футзал бўйича ДХХ кубоги ҳудудий финал босқичининг очилиш маросимида бўлиб ўтган.

Вилоят ҳокими саҳнага таклиф этилган ходимни бағрига босиб, қўлини силтаб, қилган яхшилиги учун миннатдорчилик билдирди.

«Тест имтиҳонлари бўляпти, шу бола — ички ишлар ходими бир ногирон қизни қўлида кўтариб, имтиҳонга олиб кирди», — деди Шуҳрат Абдураҳмонов.

андижон, ииб ходими

«ИИБ ходимининг хизматига бутун дунё тан беряпти. Андижонимизнинг ИИБ ходими қанақа эканлигини мана шу болам кўрсатиб қўйди», — деди ҳоким.

«Ўзбекистон Республикасига садоқат билан хизмат қиламан!» — деди ходим Сардорбек Убайдуллаев бунга жавобан.

Шу куни Самарқанд вилояти ИИБ матбуот котиби Жаҳонгир Сағдуллаев ҳам ногиронлик аравачасидаги қизни имтиҳонга кузатиб қўйган ички ишлар ходими суратини эълон қилди.

андижон, ииб ходими

«Халқ хизматчисимиз», — дея расмга изоҳ ёзган вилоят ИИБ вакили.