Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ZoodPay халқаро рақамли платформасига қарши иш очди, дея хабар қилди қўмита матбуот хизмати.

Иш қўзғатилишига Zooduz Holding Limited (БАА) билан Ўзбекистонда фаолият юритувчи ZoodPay микрокредит ташкилоти асосчиси Orientswiss Tashkent компанияси устав капиталидаги 99,99 фоиз улушни сотиш бўйича шартнома тузилгани сабаб бўлган. Битим монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олмасдан тузилган.

Қўмита мазкур келишув амалдаги «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 17-моддаси иккинчи қисми (акцияларни ёки улушларни олишда монополияга қарши талаблар) талабларини бузганини қайд этган.

Яъни ушбу моддага мувофиқ, қуйидаги ҳолларда шахс ёки шахслар гуруҳи томонидан хўжалик юритувчи субъект устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олиш бўйича битим тузилса, монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олиш зарур бўлади:

  • бундай шахс ёки шахслар гуруҳи кўрсатилган акцияларнинг (улушларнинг) 50 фоизидан ортиғини тасарруф этиш ҳуқуқини олса;
  • битимда иштирок этаётган шахслар активларининг жами баланс қиймати ёки охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган жами тушум БҲМнинг 100 минг баравари миқдоридан ортиқ бўлса, битим иштирокчиларидан бири товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект бўлса.

Қўмита маълумотларига кўра, улушлари сотилаётган Orientswiss Tashkent активларининг баланс қиймати ҳамда товар айланмаси БҲМнинг 100 минг баравари миқдоридан ортиқлиги аниқланган. 4 август ҳолатига компаниянинг устав капитали 54,27 млрд сўмни ташкил этади. Унинг таъсисчилари, Zooduz Holding Limited (99,99 фоиз) ва Амал Каримбаев (0,01 фоиз) ҳисобланади.

Қўмита бу ҳолат юзасидан қонун бузилишини бартараф этиш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берган ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида белгиланган жавобгарликни қўллаш чоралари кўрмоқда.

Spot маълумотларига кўра, Zood платформаси Ўзбекистонда 2017 йилдан буён фаолият юритиб келади. ZoodMall орқали 1 миллиондан ортиқ фойдаланувчи товарларни «ҳозир сотиб ол, кейинроқ тўла» (BNPL) тизими бўйича фоизсиз бўлиб тўлашга харид қилиши, тадбиркорлик субъектлари эса айланма маблағлари учун молиялаштиришга эга бўлиши мумкин.

Хизмат етакчи глобал ва стратегик ҳамкорларидан 50 миллион доллардан ортиқ инвестицияларни жалб қилган. Улардан бири Британиянинг Sturgeon Capital инвестиция фонди ҳисобланади.

Швейцариянинг Orientswiss S. A. компанияси Zoodmall бозори, Zoodpay микрокредит тизими ва Zood бренди остида Ўзбекистон, Покистон, Ироқ ва Ливанда логистика ва етказиб бериш хизматларини кўрсатувчи Zoodship рақамли платформасига эгалик қилади.