1 август куни Олий Мажлис Сенати Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда Сенатнинг қирқ учинчи ялпи мажлисини 2023-йилнинг 4 август куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Шунингдек, Кенгаш мажлисида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда олинадиган чучук сувнинг қарийб 90 фоизи қишлоқ хўжалигида фойдаланилиб, ҳар гектарга сув сарфи технологик илғор давлатларга нисбатан 2−2,5 баробар кўп. Ирригация тизимларидаги носозликлар туфайли экин майдонларига сув етказиб беришда сезиларли йўқотишлар мавжуд.

Юзага келган муаммони бартараф этиш чораларини кўриш мақсадида Сенат ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳага тегишли вазирлик ва идоралар, кенг жамоатчилик вакилларидан иборат ишчи гуруҳ шакллантирилди.

Ишчи гуруҳ томонидан сув ресурсларини муҳофаза қилиш, ундан оқилона ва самарали фойдаланиш, сувни бошқариш механизмларини такомиллаштириш масалалари юзасидан барча соҳа ва тармоқлардаги муаммолар ва уларни ҳал қилиш чоралари қамраб олинган комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Муҳокамалардан сўнг мазкур масала юзасидан Сенат Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.

Аввалроқ Тошкент шаҳрида айрим пайтларда сув сарфи аҳоли жон бошига суткасига 400 литргачани ташкил этиши маълум қилинганди.