25 июль куни Наманган вилояти Уйчи туманидаги оилавий боғчада бир гуруҳ болалар тортдан заҳарлангани аниқланди, дея хабар бермоқда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизмати.

Туманнинг «Гулшан» оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг 15 нафар тарбияланувчиси ошқозон-ичак фаолияти функцияси бузилиши, овқат токсикоинфекциясида гумонланиб, туман тиббиёт бирлашмасининг болалар юқумли касалликлари бўлимига ётқизилган.

«Ўрганиш натижасида муассаса тарбияланувчиларидан бирининг ота-онаси фарзандининг туғилган кунига сифатсиз торт ширинлиги олиб келингани ва у тарбиячи томонидан ўзбошимчалик билан болаларга берилгани аниқланган», — дейилади хабарда.

Шифохонада болаларга зарур муолажалар кўрсатилиб, ўша куннинг ўзида — икки соатдан сўнг 13 нафарининг ҳолати яхшилангани сабабли уйларига кетиши учун шифокорлар рухсат берган. 2 нафар болага эса бутунлай соғайганидан кейин, 26 июль куни жавоб берилган.

Бошқарма хабарига кўра, ҳозирда болаларнинг ҳаммаси соғлом ва улар оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотига қайтарилган. Туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли барча давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари масъуллари таълим муассасаларига сифати тез бузилувчи маҳсулотларни олиб кирмаслик, тарбияланувчиларга турли газли ичимликларни ичирмаслик, унли озиқ-овқат маҳсулотларига алоҳида эътибор қаратиш бўйича огоҳлантирилган.