Жорий йилнинг 4 август куни Фарғонада Ўзбекистонда Мева-сабзавотчилик II форуми ташкил этилди, дея хабар бермоқда форум ташкилотчилари «Газета.uz»га.

Мазкур форум Жаҳон банки ва Европа иттифоқи, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази ҳамда Annexure Financial Solutions компанияси томонидан ташкил этилган бўлиб, унда мева ва сабзавотлар етиштирувчилар, фермерлар, экспортчилар, соҳа олимлари ва мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.

мева-сабзавотчилик, фарғона

Тадбир Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020−2030 йилларга мўлжалланган стратегияси ижроси, мамлакатда мева-сабзавотчилик соҳасидаги етиштириш, маркетинг сотиш ва экспорт масалаларида олиб борилаётган ишлар ва натижалар юзасидан фикр алмашиш мақсадида ташкил этилди.

Форум мобайнида айни вақтгача Ўзбекистондан 180 хил мева-сабзавот маҳсулотлари 80та давлатга экспорт қилинаётгани айтиб ўтилди. Жумладан, 2022 йилда 1,6 млн тонна мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинган.

Шунингдек, Ўзбекистон мева-сабзавотчилиги селекцияси ва уруғчилигининг ҳозирги ҳолати, яъни илмий тадқиқот институтлари ва хусусий селекция масканлари, Уруғчиликни ривожлантириш маркази, Давлат нав синаш маркази, карантин инспекцияси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг фаолияти, уруғчилик ва кўчатчиликни таҳлил қилиш, бирламчи ва нав уруғчилиги йўналишларини ривожлантириш, Сертификатлаш тизимини жорий этиш, муаллифлик ҳуқуқини ҳимоялаш каби долзарб муаммолар муҳокамалар марказида бўлди.

Бундан ташқари, соҳа олимлари ва экспертлари томонидан қатор долзарб мавзуларда таҳлилий таклифлар билдирилди. Жумладан, «Ўзбекистонда мева-сабзавотчилик маркетинги бўйича техник кўмак» лойиҳаси эксперти, бош маркетолог Ҳусан Ҳайдаровнинг «Мева ва сабзавот маҳсулотларни Германия бозорига экспорт қилиш» бўйича тайёрлаган тақдимотида Ўзбекистондан Германияга айни вақтгача асосан қуритилган сабзавотлар, сабзи, қовун ва майиз каби маҳсулотлар асосий экспорт қилингани, ваҳоланки, мамлакатда етиштирилаётган хўл мевалардан гилос, ўрик, нок, шунингдек, қуритилган ўрик, дуккаклилардан мош ва ловияларга ҳам Европа бозорида талаб борлиги маълум қилинди.

мева-сабзавотчилик, фарғона

Лойиҳа бош эксперти Абдумалик Рустамовнинг «Мева ва сабзавот экинлари маҳаллий навларини етиштириш, ички ва ташқи бозорга чиқаришни яхшилаш тадбирлари» бўйича маърузасида эса навларни ўрганиш ва соҳадаги муаммоларга ечим топишдан, маҳаллий навларни ўрганиш жумладан, экспорт салоҳиятига эга маҳаллий шароитга мос экин навлари ноанъанавий экинлар, ассортиментни кенгайтиришга қадар йўналишларда батафсил маълумотлар бериб ўтилди.

Қайд этилишича, бугунги кунда фермерлар интенсив технологияларни жорий қилмоқдалар, корхоналар янги йўналишлар ва бозорларни очмоқдалар. Бироқ, шунга қарамай, навларга бўлган ҳақ-ҳуқуқларни ҳимоя қилиш рўйхатга олиш тўловлари, роялти тўлови (бошқаларнинг тайёр бренди ёки маркасини ишлатиш учун тўлов), синовдан сўнг навлар ва дурагайларни мослаштириш ҳамда илгари суриш юқори сифатли уруғ ва кўчатларни тижорат мақсадида етиштиришда учраётган муаммоларга ечимлар борасида форум мобайнида мухтасар тўхталиб ўтилди.

Шу билан бирга, тадбирда уруғ ва кўчат етиштириш ва унинг экспортини ривожлантириш учун қонунчиликни такомиллаштириш борасида ҳам таклифлар берилди.

Форум мобайнида «Ўзбекистонда мева-сабзавотчилик маркетинги бўйича техник кўмак» лойиҳаси эксперти Парход Назаров, «Мева-сабзавотчилик соҳасининг бугунги ҳолати ва истиқболлари», лойиҳа эксперти, маркетолог Сардор Абасхановнинг «Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия арабистони, Қатар ва Қувайт давлатлари бозорига экспорт қилиш» маърузалари йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.