Хитойнинг Кибермакон бошқармаси (CAC) 18 ёшгача бўлган болаларнинг мобил қурилмаларда онлайн ўтказадиган вақтини чеклашни таклиф қилди, деб хабар бермоқда Хитойнинг Global Times нашри. Ушбу чора-тадбирлар «вояга етмаганлар учун хавфсиз ва соғлом интернет муҳитини яратиш»га қаратилган.

Регулятор томонидан ишлаб чиқилган қоидалар мобил қурилмалар, операцион тизимлар, иловалар ва иловалар дўконларини ишлаб чиқарувчиларга «вояга етмаганлар режими»ни жорий этиш мажбуриятини юклайди. У тизим созламаларида ёқилади.

Режим бир вақтнинг ўзида бир нечта қурилмалардаги ҳисоблар орқали қўллаб-қувватланиши лозим. Уни ўчириб қўйиш учун ота-она розилиги ва пароль ёки бармоқ изини сканерлаш орқали тасдиқлаш талаб этилади.

Болаларга тақдим этиладиган контент ёшга қараб тузилади ва беш тоифага бўлинади: 3 ёшгача, 3 ёшдан 8 ёшгача, 8 ёшдан 12 ёшгача, 12 ёшдан 16 ёшгача, 16 ёшдан 18 ёшгача.

3 ёшгача бўлган болаларга фақат болалар қўшиқлари ва аудио ўйинлар тавсия этилади, 8 ёшгача бўлган болаларга эса интернетда 40 дақиқадан кўп бўлмаган вақтни ўтказишга рухсат берилади. 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўсмирлар учун чегара икки соат бўлади.

Бундан ташқари, соат 22:00 дан 06:00 гача вояга етмаганларга болалар ҳимояси режими ёқилган мобил қурилмаларда аксарият хизматлардан фойдаланиш тақиқланади.