«Туркманистон» компанияси Москва (Домодедово)га парвозларни тўхтатди, деб хабар қилди авиакомпания матбуот хизмати.

1 августдан бошлаб Ашхобод-Москва-Ашхобод рейслари тўхталиб, улар ўрнига Ашхобод-Қозон-Ашхобод рейслари амалга оширилади, дейилади хабарда.

Қарор «Москва ҳаво зонасидаги ҳолат муносабати билан парвозлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида хавфларни баҳолаш» асосида қабул қилинган.

Ашхободдан Москвага парвозлар уч ҳафтага — 22 августга қадар тўхтатилди, дея маълум қилган ТАСС агентли авиакомпания кассасига таяниб. Россиядан Туркманистонга ҳозирда мамлакат авиакомпаниясидан ташқари Россиянинг S7 компанияси самолётлари парвоз қилмоқда.

Бироқ FlightRadar24 маълумотларига кўра, Туркманистон авиакомпанияси 2−3 август кунлари Домодедово аэропортига бир нечта рейсларни амалга оширади.

Сўнгги кунларда Москванинг Внуково аэропорти фаолияти учувчисиз самолётлар ҳужуми туфайли икки марта тўхтатилди. 30 июль куни учиб келиш ҳамда кетиш учун тунги ва эрталабки рейсларнинг бир нечтаси кечиктирилди. Украина дронлари томонидан қилинган ҳужум оқибатида Москва шаҳридаги иккита офис биноси зарарланган, қурбонлар ва жароҳатланганлар бўлмаган.

ТАСС, шунингдек, «IQ-квартал»даги 50 қаватли бинода портлаш содир бўлгани ҳақида хабар берган. Мажмуа ҳукумат идораси ва бир нечта вазирликлар ва идораларни, жумладан, Иқтисодий ривожланиш вазирлиги, Саноат ва савдо вазирлиги, Рақамли ривожланиш вазирлиги, Миллатлар ишлари бўйича федерал агентлик, Росаккредитация ва Росстандарт ташкилотларини ўз ичига олади.

1 августга ўтар кечаси дронлар ҳужуми такрорланди. Москва мери Сергей Собяниннинг сўзларига кўра, бинога аввалги ҳужум пайтидаги каби зарар етган.

Внуково аэропортидан самолётлар вақтинча бошқа аэропортларга, жумладан, Домодедовога йўналтирилган, кейин эса чекловлар олиб ташланган.