Қозоғистонда энди қаровсиз ҳайвонларни тутиш бўйича хизматлар уларни қўлга олиш жараёнининг ҳар бир босқичини фото ва видеога олишлари керак бўлади, дея хабар берди Tengrinews.kz. Бу Қозоғистон стандартлаштириш ва метрология институтида ишлаб чиқилган янги стандартда кўзда тутилган.

Стандарт қаровсиз ҳайвонларни тутиш ва ташиш жараёнини тартибга солади ҳамда уларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолатларининг олдини олишга мўлжалланган, дейилади хабарда.

«Тутиш чоғида ҳайвонларни ўлдириш, шунингдек, ҳайвонлар учун ҳам, одамлар учун ҳам хавфли бўлиши мумкин бўлган заҳарли озуқалардан фойдаланиш тақиқланади», — дейилади нашр иқтибос келтирган институт пресс-релизида.

Стандарт шунингдек, тутишда ишлатиладиган препаратлар, қурилмалар ва механизмларга қўйиладиган талабларни ҳам белгилайди.

Транспорт воситаси ҳайвонларнинг турли жинслари, катталиги ва ёши учун алоҳида катакчалар билан жиҳозланган бўлиши керак, шунингдек, шамоллатиш ва ҳаво ҳароратини сақлаш тизимига эга бўлиши керак.

2022 йил мартидан Қозоғистонда уй ҳайвонларини сақлаш ва уларга инсонпарвар муносабатда бўлиш қоидаларини тартибга солувчи ҳайвонларга масъулият билан муносабатда бўлиш тўғрисидаги қонун амал қилмоқда. Хусусан, у ҳайвонларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун эгаларининг жавобгарлигини назарда тутади. Қонун, шунингдек, уй ҳайвонларини рўйхатдан ўтказишни талаб қилади.