АҚШ делегацияси Қатарда Афғонистондаги ҳукмрон «Толибон» ҳаракати вакиллари билан музокаралар ўтказди. 30−31 июль кунлари бўлиб ўтган учрашувда хавфсизлик, инсон ҳуқуқлари ва Афғонистон иқтисодиётининг аҳволи муҳокама қилинди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати хабар берди.

Қўшма Штатлар «Толибон»ни Афғонистондаги инсон ҳуқуқлари, айниқса, аёллар, қизлар ва заиф қатламларга нисбатан ёмонлашаётган сиёсатни қайта кўриб чиқишга чақирди.

«АҚШ расмийлари ҳибсга олишлар, оммавий ахборот воситаларининг репрессиялари ва диний чекловлардан жиддий хавотир билдирди», — дейилади баёнотда.

Бундан ташқари, Қўшма Штатлар «қўлга олинган Америка фуқароларини зудлик билан ва сўзсиз озод қилишни» талаб қилиб, «бу ҳибсга олишлар ижобий ҳамкорликка катта тўсиқ бўлишини» таъкидлади.

Шу билан бирга, АҚШ делегацияси Афғонистондаги иқтисодий вазият яхшилангани, жумладан, инфляция пасайганини таъкидлаб, Афғонистон фуқароларига қарши йирик терактлар сони камайганини эътироф этди.

Томонлар, шунингдек, «Толибон»нинг хавфсизлик кафолатларини амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини, жумладан, «Толибон»нинг «Афғонистон ҳудудидан АҚШ ва унинг иттифоқчиларига таҳдид қилиш учун фойдаланилишига йўл қўймаслик ҳақидаги доимий мажбуриятини» муҳокама қилди.

Ўз навбатида, «Толибон» «Афғонистонликлар ташқи ёрдамга қарам бўлмасдан иқтисодиётни ривожлантириши» учун «Толибон» етакчиларининг ҳаракатига қўйилган чекловларни олиб ташлаш ва Афғонистон Марказий банкининг хорижий активларини қайтаришга чақирди.

«Афғон банклари бўйича операцияларни осонлаштирадиган кўпгина чекловларнинг олиб ташланиши ижобий ҳолат сифатида кўрилмоқда. Икки томон ҳам бундай учрашувлар давом этишини таъкидлади», — дейилади Афғонистон ТИВ баёнотида.

«Толибон» Афғонистонда 2021 йил августида, АҚШ қўшинлари мамлакатдан олиб чиқиб кетилганидан сўнг дарҳол ҳокимиятга қайтган. Бунинг ортидан Қўшма Штатлар «Толибон»га қарши санкциялар киритди ва Афғонистоннинг Америка банк ҳисобларида сақланаётган давлат захираларини музлатиб қўйди.