Ўзбекистон мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов сешанба куни Корея Республикаси миллий мудофаа вазири Ли Жонг Супни қабул қилди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, музокараларда вазирлар ҳарбий соҳадаги ҳамкорликни давом эттириш ва шерикликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилди.

ўзбекистон, жанубий корея, мудофаа

Ташриф доирасида Корея Республикаси ҳарбий делегацияси Ўзбекистон Қуролли кучлари академиясига ташриф буюриб, таълим муассасаси фаолияти ва инфратузилмаси билан яқиндан танишди. Яна бир қанча объектларга ташриф буюриш ҳам режалаштирилган.

The Korea Herald нашрининг ёзишича, Жанубий Корея мудофаа вазири мудофаа ва қурол-яроғ саноати соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистонга илк ташрифини бошлаган.

Мудофаа вазири Ли Жонг Суп душанбадан пайшанбагача «Марказий Осиёдаги алоҳида стратегик ҳамкор ва асосий дўст мамлакат» бўлган Ўзбекистонга ташриф буюриши режалаштирилган, деб хабар берди душанба куни Жанубий Корея Мудофаа вазирлиги.

Эътиборли жиҳати, Ли Ўзбекистонга ташриф буюрган биринчи Жанубий Корея мудофаа вазири саналади.

«Ташриф давомида вазир Ли Жонг Суп икки давлат ўртасида мудофаа ва қурол-яроғ саноати соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга йўл очади», — дейилади вазирлик хабарида.

«Жанубий Корея-Ўзбекистон мудофаа саноатини ривожлантириш конференцияси ҳам бўлиб ўтади ва бу Ўзбекистон билан мудофаа соҳасида стратегик ҳамкорлик чора-тадбирларини муҳокама қилиш учун платформа бўлади», — дейилади хабарда.

Нашр вазирнинг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашиши мумкинлиги ҳақида ҳам ёзган.

Мудофаа вазирларининг икки томонлама учрашуви 2015 йил апрель ойида Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги Мудофаа вазири Қобул Бердиев Сеулга ташриф буюрган ва Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган FA-50 енгил жанговар самолёти симуляторини шахсан ўзи синаб кўрганидан бери биринчи марта ўтказилмоқда.

Қайд этилишича, Жанубий Корея ва Ўзбекистон мудофаа ва қурол-яроғ саноати соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини давом эттирмоқда. Улар мудофаа саноати ҳамкорлик қўшма қўмита йиғилишлари ва ишчи даражадаги мудофаа сиёсати йиғилишларини ўтказган.

«Аммо Жанубий Корея ҳали Ўзбекистонга ўзимизда ишлаб чиқарилган асосий қуролларни сезиларли даражада экспорт қилгани йўқ, ҳозирча фақат кичик ҳарбий техника жўнатилган. Икки давлат ўртасида ишлаб чиқарилган қуролларни экспорт қилиш бўйича икки томонлама муҳокамаларга қарамай, бу музокаралар ҳеч қандай аниқ натижаларни бергани йўқ», — дейилади хабарда