19−26 июль кунлари Транспорт вазирлиги ва «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти вакилларидан иборат делегация жамоат транспорти соҳасида рақамли технологияларни жорий этиш мақсадида Хитойда бўлиб қайтди, дея хабар бермоқда компания матбуот хизмати.

Сафар давомида Yutong Bus Co., Ltd, King Long, Magnetic North, Hikvision компанияларига билан қатор йўналишларда ҳамкорлик қилиш масалалари юзасидан музокаралар ўтказилган.

Хусусан, Yutong Bus Co., Ltd компанияси билан уч томонлама меморандум имзоланган. Томонлар ҳайдовчисиз ҳаракатланадиган автоном транспорт воситалари соҳасида ўзаро ҳамкорликда лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олган.

Hikvision компанияси вакиллари билан инновацион видеокузатув тизимлари ва сунъий интеллект технологиясига асосланган интеграциялашган хавфсизлик ечимларини тақдим этиш бўйича «Тошшаҳартрансхизмат» билан икки томонлама меморандум имзоланган.

Magnetic North компанияси билан эса ақлли транспорт тизимини йўлга қўйиш масалаларида ҳамкорлик қилинади. Хусусан, компания билан Ўзбекистоннинг интеллектуал транспорти бўйича тўлиқ ечимларни тақдим этиш, жумладан, ишлаб чиқиш, лойиҳалаш, ўрнатиш, ишга тушириш, ўқитиш, техник хизмат кўрсатиш ва такомиллаштириш бўйича икки томонлама меморандум имзоланган.