30 июль, якшанба куни Покистон шимоли-ғарбида исломий партия томонидан уюштирилган сиёсий анжуман чоғидаги портлаш оқибатида камида 44 киши ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда CNN.

Афғонистон билан чегарага яқин Бажаур туманининг Хар шаҳрида тўпланган партия аъзоларига қаратилган ҳужумда 100 дан ортиқ киши тан жароҳати олди, уларнинг 17 нафари оғир аҳволда.

Маҳаллий полициянинг маълум қилишича, анжуман пайтида худкуш ҳужумчи портловчи моддаларни ишга туширган.

Ҳужум учун жавобгарликни ҳеч ким ўз зиммасига олгани йўқ. Аммо ИШИДнинг маҳаллий бўлими аввалроқ ушбу партия етакчиларини нишонга олганди.

Покистон бош вазири Шеҳбаз Шариф портлашни «қатъий қоралади», — дейилади унинг идораси тарқатган баёнотда. Текширув давом этмоқда ва бош вазир идораси Ички ишлар вазирлигидан ҳисобот сўради, — дея қўшимча қилинади баёнотда.

Гувоҳлардан бирининг айтишича, портлаш содир бўлган пайтда йиғилишда 500 дан ортиқ одам қатнашган. «Кучли портлаш сабабли ҳушимни йўқотдим», — дейди Раҳим Шоҳ исмли гувоҳ Покистоннинг Dawn нашрига.

Покистондаги сиёсий партиялар жорий йил охирида ўтказиладиган сайловлар олдидан сайловолди ташвиқотига тайёргарлик кўрмоқда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу террорчилик ҳужуми юзасидан баёнот бериб, қурбонларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди.