Ташқи ишлар вазирлиги яна бошқа бинога кўчирилди. Ҳозирда у пойтахтнинг Ислом Каримов кўчаси 45А манзилидаги собиқ Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги биносига жойлашди. Бу ҳақда «Газета.uz»га ТИВ ходимлари маълум қилди ва вазирлик матбуот хизмати буни тасдиқлади.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Фурқат Сидиқов Twitter`да «очиқ ва шаффоф дипломатияга содиқлигимизни акс эттирувчи ушбу бино меҳмондўст ва қулай жой бўлиши учун яратилган», дея ёзиб қолдирди.

ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, сенат, тив
Фото: twitter.com/FurqatSidiq.

Йил бошида ўтказилган маъмурий ислоҳотлар доирасида собиқ Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги тугатилди (айрим функциялари ва ходимлари Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига, бошқалари Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ўтказилди).

Эслатиб ўтамиз, Ташқи ишлар вазирлиги аввал Марказий универмаг (ЦУМ)дан унча узоқ бўлмаган Ислом Каримов (собиқ Ўзбекистон) кўчасидаги бинода жойлашган эди. Президент админстрацияси Мустақиллик майдонидаги Сенатнинг собиқ биносига кўчирилгач, ТИВ биноси Сенат тасарруфига ўтказилди. Шундан сўнг 2018 йил июнь ойида вазирлик Халқ банки ва шаҳар ҳокимлигининг собиқ биносига кўчирилди. 2021 йил бошида эса Сенат вазирликнинг тўлиқ таъмирланган биносида иш бошлади.

ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, сенат, тив
Аввалги Ташқи ишлар вазирлиги жойлашган бино. Фото: «Газета.uz».

«Газета.uz»да мавжуд бўлган маълумотларга кўра, Ташқи ишлар вазирлигининг биноси ўрнида янги ташкил этилган президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги жойлашади.