28 июль «Қорақалпоғистон Республикаси аҳолисини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда жисмоний шахслар томонидан қурилган уй-жойларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида» ги президент фармони [ПФ-119-сон] қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.

Фармонга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фуқароларнинг ҳуқуқ белгиловчи ҳужжатларсиз қурилган уй-жойлари жойлашган ер участкасига ижара ҳуқуқи, унда жойлашган бино ва иншоотларга мулк ҳуқуқи эътироф этилади.

Жумладан, бунинг учун фуқаро ушбу уй-жойдан 2018 йил 1 майгача бўлган даврдан бошлаб ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз фойдаланган бўлиши, ушбу ҳолат космик суратларни қайта ишлаш орқали ҳамда сўнгги 5 йил учун ер солиғи ва мол-мулк солиғи тўланганлиги билан тасдиқланган бўлиши лозим.

Ҳуқуқларни эътироф этиш халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларининг қарорлари билан тасдиқланадиган уй-жойлар рўйхатига мувофиқ Жўқорғи Кенгес қарори билан расмийлаштирилади.

Бунда:

  • талабгорлар ва (ёки) чегарадош ер участкалари эгалари ўртасида низо мавжуд бўлган ҳолларда, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларининг қарорлари низо бартараф этилганидан кейин қабул қилинади;
  • халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан қарорлар қабул қилиш ҳамда уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишнинг охирги муддати — 2024 йил 1 август ҳисобланади;
  • халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қарорлари тегишли адлия органида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилганидан кейин қабул қилинади ва расмий эълон қилинганидан кейин кучга киради.