Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида бола қаттиққўллик билан ислом динидан дарс берган ўқитувчисидан қочиб, 5-қаватдан ўзини ташлади. Бу бўйича MY5 телеканалининг Hudud информацион дастурида эълон қилинган лавҳани Ички ишлар вазирлиги ўз саҳифасига жойлади.

Келтирилишича, ИИББга тез тиббий ёрдам бригадаси шифокори ҳолат ҳақида хабар берган. У тумандаги Ибн Сино мавзесидаги кўп қаватли уйларнинг бирида ўқитувчи 15 нафар болага ноқонуний диний таълим бераётгани, уларни калтаклаётгани сабаб бир нафар бола у ердан қочмоқчи бўлиб, электр узайтиргич (удлинитель) симига осилиб, 5-қаватдан ўзини ташлаганини маълум қилган. Бола жароҳат олган, кўплаб жойлари синган ёки чиққан.

Ҳолат бўйича ИИББ суриштирув ўтказди. 1995 йилда Қашқадарёда туғилган ўқитувчи 1 июлдан бошлаб вақтинчалик яшаш жойида ҳар бир боладан 200 минг сўмдан пул олиб, ҳужра ташкил қилган ва 4 нафар болага диний сабоқ бериб келгани маълум бўлди. Шунингдек, хонадан 14 дона араб тилида ёзилган ва нашриёти номаълум бўлган диний адабиётлар топилди. Суриштирувда бу шахс болаларни доимий равишда калтаклаб келгани, уларда турли жароҳатлар ҳам мавжудлигини тасдиқлади.

«Бунақа ҳолат бўлишини билмагандик. Оёғида бироз излари бор. Ҳозир яхши», — дейди болалардан бирининг яқини.

Эркак бундай ҳолат бошқа қайтарилмаслигини билдирди. Ҳолат юзасидан унга маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-моддаси (Диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш) билан 15 сутка қамоқ жазоси тайинланди.

Шунингдек, болаларнинг ота-оналари ҳам маъмурий жавобгарликка тортилди. Уларга кодекснинг 47-моддасига асосан (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) чора кўрилди. Болаларга етказилган жароҳатнинг оғирлик даражасини аниқлаш бўйича суд тиббий экспертизаси тайинланган.