Сурхондарё вилояти Ангор туманида ўзининг қиз чақалоғини пулламоқчи бўлган ота қўлга олинди, дея хабар бермоқда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати.

Фуқаро туман ИИБга ариза билан мурожаат қилган. Унда шу туманда яшовчи, 54 ёшли эркак 2019 йилдан буён бирга яшаб келаётган шаръий никоҳ асосидаги 29 ёшли турмуш ўртоғининг қиз фарзандини 35 миллион сўмга сотмоқчилигини маълум қилган. Чақалоқ 2023 йилнинг 17 июль кунида туғилган.

Ариза юзасидан 19 июль куни соат 21:00 атрофида вилоят ва туман ИИБ ходимлари ўтказилган тезкор тадбир давомида эркак яшаш уйида кимёвий ишлов берилган 1400 доллар ҳамда 10 миллион сўм пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Далиллар холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олинган. 22 июль куни эркакка нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси (Одам савдоси) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.