Давлат хавсизлик хизмати ва бошқа ҳамкор ташкилотлар ходимлари томонидан ўзгаларнинг пул маблағларини ўзлаштиришга уринган масъуллар қўлга олинди, дея хабар бермоқда ДХХ матбуот хизмати.

Жумладан, Навоий вилояти Томди тумани ички ишлар бўлими профилактика инспектори давлат захирасига олинган ҳудудда таркибида олтин бўлган руда қазиб олиш учун фуқарога шароит яратиб берган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказиладиган рейд тадбирларидан огоҳлантириб туриш эвазига ундан 30 минг доллар талаб қилиб, 15 минг доллар олган вақтида ушланган.

Бухоро вилояти Когон тумани ички ишлар бўлими ходими эса фуқарога нисбатан ички ишлар органларига келиб тушган аризани ўзининг ваколатли ҳамкасблари орқали унинг фойдасига ижобий ҳал қилиб беришни айтган. Эвазига 1300 доллар олган вақтида ушланган.

Наманган вилояти Давлатобод тумани давлат солиқ инспекцияси бош инспектори хусусий фирманинг молиявий фаолияти юзасидан ўтказилган камерал солиқ текшируви натижасида унга 383 млн сўмлик фойда солиғи қўшимча ҳисоблангани ва ушбу пул маблағи фирма томонидан тўланиши кераклигини айтган. Солиқ ҳисоботларига ўзгартиришлар киритиш орқали ушбу суммани бартараф этиб бериш эвазига МЧЖ вакилидан 3 минг доллар олган вақтида қўлга олинган.

Миллий гвардиянинг Андижон вилояти қўриқлаш бошқармаси Андижон туман бўлими сафдор ходими юқори лавозимда ишловчи ҳамкасблари орқали фуқарони Миллий гвардия тизимига ҳарбий хизматчи сифатида ишга киритиб қўйишни ваъда қилган. Бунинг учун 5 минг доллар олган вақтида ушланган.

Барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.