Ўзбекистон халқ артисти Малика Аҳмедова яшаш уйидан 600 минг долларлик қимматбаҳо тақинчоқлар ўғирлаб кетилгани, гумонланувчилар топилса-да, бриллиант ва тиллалар қайтарилмагани ҳақида гапирган ҳамда президент Шавкат Мирзиёевга ёрдам сўраб мурожаат йўллаганди.

Унинг интервьюси ижтимоий тармоқларда муҳокама қилингач, 11 апрель куни санъаткор Мирзо Улуғбек тумани прокурори Алиакбар Пулатовнинг қабулига таклиф қилинган ва тергов билан боғлиқ эътироз ҳамда важлари тингланганди.

Олий суд ахборот хизмати Азиз Абидовнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, ушбу иш доирасида 4 нафар фуқаро айбланиб, судланмоқда.

Таъкидланишича, Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани судининг иш юритувига 7 июль куни С.Р. ва Ф.И.ни Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда ўғрилик) билан ҳамда М.Н. ва О.Х.ни Жиноят кодексининг 171-моддаси 3-қисми «а» банди (Жиноий йўл билан топилган мулкни олиш ёки ўтказиш) билан айблаш ҳақида жиноят иши келиб тушган. Мазкур ишни суд мажлисида кўриш 21 июлга тайинланган.

Судланувчилар С.Р., Ф.И., М.Н. ва О.Х.га нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Иш ҳужжатларига кўра, С.Р. таниши Ф.И. ва тергов даврида шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган номаълум шахслар билан бирга ўзганинг мулкини яширин равишда қўлга киритиб, жиноий режа тузган.

Улар 2022 йил 28 декабрь куни маст ҳолатда Мирзо Улуғбек туманида яшовчи фуқаро Ҳадича Аҳмедова (раққоса Малика Аҳмедованинг қизи, улар битта ҳовлида истиқомат қилади)га тегишли хонадонга девор қисмидан ошиб кирган.

«Улар хонадонда сақланиб келинаётган жами қиймати 681 895 долларлик (7,8 млрд сўм атрофида) буюмларни ўғирлаб, жиноят жойидан яширинган. Қўлга киритган қимматбаҳо тақинчоқларни аввалдан таниши бўлган фуқаро М.Н.га барча нарсалар ўзига тегишлилигини айтиб, 250 минг сўм эвазига сотиб юборган. Кейинчалик пул маблағларидан 1 минг долларини таниши Ф.И.га қарз тариқасида берган. Қолган барча пул маблағларини шахсий эҳтиёжларига сарфлаб, Х.Аҳмедованинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказган», — дейилади Олий суд ахборотида.

Ҳозирда мазкур жиноят иши суд тергови босқичида бўлиб, 1 августга қадар танаффус эълон қилинган.