Ўзбекистон халқ артисти Малика Аҳмедованинг уйидан 600 минг долларга тенг қимматбаҳо тақинчоқлар ўғирлаб кетилди. Бу ҳақда унинг ўзи YouTube`даги Sirojiddin media каналига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Таниқли раққосанинг сўзларига кўра, 2022 йилнинг 28 декабр куни яшаш хонадонига ўғри тушган. Ота-онасидан мерос бўлиб қолган тилла тақинчоқлар, бриллиант ва бошқа қимматбаҳо тошлар ўғирлаб кетилган. Ўғрилар тезда топилган. Лекин қимматбаҳо бриллиант ва тиллалар қайтарилмаган. Уларнинг умумий қиймати 600 минг долларга баҳоланган.

Санъаткор бу иш уюштирилганини айтмоқда. Унинг таъкидлашича, ўғрилар Навоийдаги қамоқхонадан чиққанидан уч-тўрт кун ўтиб, Тошкентга келган ва раққосанинг уйини тунаб кетган. Терговчилар ўғрилар билмасдан қимматбаҳо тақинчоқларни 250 минг сўмга сотиб юборишганини айтган. Жабрланувчи ушбу сўзларга ишонмаётганини билдирди.

«Биламан, бунақа воқеалар жуда кўп бўлади. Лекин бу бошқача бўлди. Ўғриларни жуда тез топишди. Энг қизиғи, мени уйимга уларни ким жўнатди? Ким менга шунча ёмонлик тилади? Мен нима ёмонлик қилдим?», — дейди Малика Аҳмедова.

Таниқли балетмейстер ўз интервьюсида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевдан ёрдам сўраб, унга мурожаат ҳам йўллади.

Ўзбекистон халқ артисти Малика Аҳмедованинг мазкур интервьюси ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинмоқда. Унинг тергов ҳаракатларидан норози бўлиб йўллаган видеомурожаати юзасидан Бош прокуратура ахборот хизмати муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, 11 апрель куни Малика Аҳмедова Мирзо Улуғбек тумани прокурори Алиакбар Пулатовнинг қабулига таклиф қилинди ва унинг тергов билан боғлиқ эътироз ҳамда важлари тингланди.

бош прокуратура, малика аҳмедова, қимматбаҳо тошлар

Фото: Бош прокуратура ахборот хизмати

«Қабул давомида М.Аҳмедовага туман прокуратурасига тақдим қилинган жиноят иши тегишли тартибда ўрганиб чиқилганлиги ва тергов органига иш бўйича қўшимча тергов ҳаракатларини ўтказиш ҳақида ёзма кўрсатма берилгани тушунтирилди», — дейилади прокуратура ахборотида.

Таъкидланишича, 8 апрель куни жиноят иши айблов хулосасини тасдиқлаш ва судга юбориш учун туман прокуратурасига тақдим қилинган.