Ўзгидромет хизмати агентлиги дам олиш кунлари — 28−30 июль саналарида кузатиладиган об-ҳаво ҳақида маълумот берди.

Ушбу ҳафтанинг катта қисмида Ўзбекистон ҳудуди бўйича кузатилган жуда иссиқ об-ҳаводан сўнг, пайшанба куни шимоли-ғарбий ҳудудларга Қозоғистон ҳудудларидан нисбатан салқин ҳаво кириб келиши бошланди. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида ҳарорат 6−9 даражага, баъзи жойларда 10−12 даражага пасайди.

Жума куни нисбатан салқин ҳавонинг кириб келиши Ўзбекистоннинг қолган барча ҳудудларига тарқалади, аммо ҳароратнинг пасайиши республиканинг шимоли-ғарбида пасайгани каби сезиларли бўлмайди. Кундуз куни республика ҳудудининг катта қисмида кундузги ҳарорат +33…+38 даража атрофида, жанубда +40…+42 даражагача бўлади.

Республика ҳудудининг катта қисмида 28 июль куни кундузи ёғингарчилик кутилмайди, фақат Самарқанд, Жиззах вилоятларида ва куннинг иккинчи ярмида Тошкент вилояти ва Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда асосан жадаллиги бироз паст бўлган қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Мамлакат бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 13−18 м/с гача, айрим жойларда 20−22 м/с гача кучайиши, чанг-тўзон билан кузатилиши кутилмоқда. 28−30 июлда республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин, сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.

Тошкент шаҳрида 28−30 июль кунлари ҳаво асосан кам булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол 3−8 м/с тезликда эсади, жума куни кечга томон 10−12 м/с гача кучайиши мумкин. Кундуз куни ҳарорат +35…+37 даража, дам олиш кунлари +36…+39 даража бўлади.