28 июль куни Фарғонада Ички ишлар вазирлигининг кенгайтирилган йиғилишида иштирок этаётган президент Шавкат Мирзиёев жамоат жойларида тинчликни таъминлаш масалаларига алоҳида тўхталди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.

Миллий гвардияга қўшимча ваколат берилиб, парк, хиёбон ва бозорларда жамоат тартибини сақлаш ушбу тузилма зиммасига юкланган. Йиғилишда бозорларни «жиноятдан холи ҳудуд»га айлантириш борасида Миллий гвардиянинг фаолияти қониқарли эмаслиги таъкидланди.

Шу йилнинг ўзида Миллий гвардия масъул бўлган ҳудудлардаги 236 та жиноятнинг 86 фоизи айнан бозорда содир этилган.

Миллий гвардия жавобгарлиги остидаги ҳудудларда жиноятларга қарши курашиш бўйича тизим яратилмагани кўрсатилиб, Миллий гвардия қўмондонининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича биринчи ўринбосари Инамжон Ибрагимов лавозимидан озод этилди. У 2021 йилнинг ноябь ойида ушбу лавозимга тайинланганди.

Зиммасига юклатилган вазифаларни лозим даражада бажармагани учун Миллий гвардиянинг Жиззах ва Сурхондарё вилоятлари бошлиқлари ҳамда Навоий шаҳар қўриқлаш бўлими бошлиғини ишдан бўшатишга кўрсатма берилди.

Эслатиб ўтамиз, президент ушбу йиғилишда 15 та туман ИИБ бошлиқлари ва 5 та туман прокурорларини лавозимидан озод қилган. Бош прокурор биринчи ўринбосари ва ИИВ раҳбарининг икки ўринбосарига ҳайфсан берилди, рақамлаштириш учун масъул ўринбосар Нажмиддин Тўрахожаев ишдан олинди.