Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Uzbekistan Airports компаниясига таксиларнинг аэропортга кириши учун тенг шароитларни таъминлаш бўйича мажбурий кўрсатмалар берди. Uzbekistan Airports ушбу қарорни бекор қилишга эришмоқчи ва компания бу борада тўлиқ ахборотни эълон қилди.

2022 йил август ойида Uzbekistan Airports E-auksion.uz сайтида қонун ҳужжатларига мувофиқ — Тошкент халқаро аэропортининг учиб келиш терминалида такси хизмати учун жой ажратиш бўйича лот ўрнатган. Лотга бир қатор мажбурий ҳужжатлар, жумладан, техник топшириқлар бириктирилган.

Унга кўра, такси хизмати бензин ёки электр қувватида ишлайдиган транспорт воситаларига эга бўлиши лозим, сабаби аэропорт ҳудудида газ қатъиян тақиқланган. Шунингдек, такси хизмати йўловчилардан барча шаклларда тўловларни қабул қилишни таъминлаши керак. Ҳайдовчиларга ҳам мажбурий талаблар қўйилган — ягона форма, озода кўриниш, ўзбек, рус ва инглиз тиллари асосини билиш.

Uzbekistan Airports аукцион ҳақида расмий веб-сайт ва ижтимоий тармоқларда, қатор ОАВда ҳам маълумотлар эълон қилган. Натижада аэропортда фаолият юритиш ҳуқуқи учун электрон аукционда учта компания иштирок этган. Bobur Diyor компанияси эса ғолиб деб топилган. Компаниянинг талабларга мувофиқлиги текширилгач, у билан шартнома тузилган. 2022 йил 12 сентябрдан аэропортда Airport Tashkent Taxi бренди остида ягона такси хизмати иш бошлаган.

2022 йил 23 декабрда Рақобатни қўмитаси Uzbekistan Airports`га лицензияга эга бўлган барча такси компанияларининг талабларга жавоб берадиган машиналари учун аэропортга тенг кириш ҳуқуқини таъминлаш бўйича мажбурий кўрсатмалар берган. Бугунги кунда Тошкент шаҳрида юзлаб такси компаниялари мавжуд бўлиб, уларда минглаб турли маркадаги, турли йилларда ишлаб чиқарилган, турли ҳолатда ва газда юрадиган автомобиллар мавжуд.

Аэропортга киришда уларнинг тоифаланган объектнинг талабларига мувофиқлигини текшириш шунчаки имконсиз. Шу муносабат билан Uzbekistan Airports таксилар билан боғлиқ вазиятни бартараф этиш ва йўловчилар мурожаатларини инобатга олиб, такси хизматларини кўрсатиш бўйича ягона хизматни танлашга қарор қилган. Акс ҳолда, аэропортда тартибни таъминлашнинг иложи йўқ бўлган.

Ушбу важлар билан Uzbekistan Airports қўмита қарорига эътироз билдириш мақсадида Тошкент шаҳри туманлараро маъмурий судига мурожаат қилган. Аммо суд бу далилларни инобатга олмай, 28 мартдаги қарори билан қўмита кўрсатмаларини ўз кучида қолдирган. 12 июнь куни компаниянинг қайта аризаси ҳам қаноатлантирилмаган.

«Суд ва қўмита Uzbekistan Airports`нинг яна бир қанча такси хизматларини кўрсатувчи компанияларни аукционга қўйиш қарорини ҳисобга олмаган. Яқин кунларда E-auksion.uz сайтида яна учта — Тошкент халқаро аэропортининг умумий учиш залида, CIP учиш залида, шунингдек, маҳаллий авиақатновлар терминалида яна бир нуқта очиш бўйича лот жойлаштирилади. Бу ҳақда компания расмий сайти ва ижтимоий тармоқларида қўшимча хабар қилинади», — дейилади маълумотда.

Таъкидланишича, ягона такси хизмати фаолият кўрсатган йил давомида аэропорт ва ушбу фаолият билан шуғулланувчи компанияга бирорта ҳам шикоят келиб тушмаган, аксинча, йўловчилар доим ижобий фикр билдирмоқда. Бир йил олдинги ҳолатга қайтадиган бўлсак: ижтимоий тармоқлар ва турли идораларга, президентнинг виртуал қабулхонасигача аэропортни тозалаш талаби билан доимий мурожаатлар келиб тушган. Эски машиналар, одобсиз ҳайдовчилар, қиммат нархлар, шунингдек, бир неча талончилик ва йўловчиларни калтаклаш ҳолатлари — бугун Uzbekistan Airports буларнинг барчасини ҳеч бўлмаганда ўз ҳудудидан сиқиб чиқаришга муваффақ бўлган. Энди йўловчи расмий такси хизматларидан фойдаланиши ёки такси агрегаторлари Яндекс, MyTaxi ва ҳоказоларни энг яқин автотураргоҳга (терминалдан 50−100 метр масофада) чақириши мумкин, у ерда эса таксилар учун 10 дақиқа бепул туриш вақти берилади.

Бундан ташқари, Uzbekistan Airports Олий судга кассация шикояти билан, шунингдек, такси хизматлари учун янги компанияларни танлаш йўли билан қўмитанинг буйруғини бекор қилиш учун мурожаат қилмоқчи.