2022 йилнинг кузида Термизнинг собиқ ҳокими Исроил Худойбердиев ва унинг икки ўринбосари, қолаверса, яна бир қанча мансабдорларга қарши қўзғатилган жиноят иши ЖИБ Термиз шаҳар судида 15 мартдан бошлаб кўрилаётгани, жиноят иши доирасида жами 18 нафар айбланувчи ҳамда 200 нафарга яқин жаврбланувчи ва гувоҳлар иштирок этаётгани ҳақида хабар бергандик.

Олий суд матбуот котиби Азиз Абидовнинг маълум қилишича, 27 июль куни мазкур очиқ суд жараёни тугаб, суд ҳукми эълон қилинди.

Ҳукмга кўра, Термизнинг собиқ ҳокими Исроил Худайбердиев Жиноят кодекснинг

  • 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди;
  • 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 1-қисми, 2-қисми «а» банди;
  • 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 2-қисми «а» банди;
  • 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 1-қисми, 2-қисми «а» банди;
  • 210-моддаси (пора олиш) 3-қисми «а» банди;
  • 229−4-моддаси (ер бериш тартибини бузиш) 2-қисми «а», «б» бандлари;
  • 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.

Унга ўташ учун узил-кесил 2 йил 6 ой муддатга давлат ташкилотларида мансабдорлик лавозимлари ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Қолган 17 нафар судланувчи Жиноят кодексининг 25-,167-, 168-, 184-, 28-, 205-, 205-, 206-, 28-, 209- ва 229−4-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. Уларга тегишлилиги бўйича жарима, 1 йил 9 ой 15 кундан 2 йил 3 ойгача ахлоқ тузатиш ишлари ва 3 йил 6 ойдан 9 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланди.

«Ушбу ҳукмдан норози тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Сурхондарё вилоят судининг апелляция инстанциясига шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинади», — дейилади Олий суд ахборотида.