Тошкент вилояти Янгийўл туманида Zara ва Columbia брендлари остида кийим-кечак ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда, дея хабар берди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Ҳокимлик вакиллари мазкур лойиҳани Туркия сармояси иштирокидаги Medex Textile хорижий корхона раҳбари Явуз Орхан билан муҳокама қилган.

zara

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Лойиҳа икки босқичда — дастлаб трикотаж газламалар ишлаб чиқариш ва бўяшни йўлга қўйиш, сўнгра тайёр кийим-кечак ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган. Тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми 25 миллион долларга баҳоланмоқда.

Компания вакилларининг сўзларига кўра, лойиҳа доирасида 500 та янги иш ўрни яратиш, йилига 20−30 млн долларлик маҳсулот экспорт қилиш мўлжалланмоқда.

Пахта толаларини тайёрлаш ва йигириш билан шуғулланувчи Medex Textile корхонаси 2013 йилнинг ноябрь ойидан буён фаолият юритиб келмоқда. Корхона ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 80 фоизи Россия, Туркия, Украина, Польша, Хитой ва Венгрияга экспорт қилинади. Устав капитали 6,75 миллион доллар бўлган компания таъсисчилари Demezoglu Tekstil Ve Insaat Sanayi Ticaret AS ва Меҳмет Демез ўғли ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ портфелига Inditex гуруҳининг Zara, Zara Home, Massimo Dutti, Bershka, Pull & Bear, Oysho ва Stradivarius каби брендлари кирувчи Cenomi Group Ўзбекистон бозорига кириши хабар қилинганди. У Tashkent City Mall лойиҳасида тақдим этилиши мумкин.