Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти қишлоқ хўжалигида дронлардан фойдаланиш бўйича хориж тажрибасини ўрганиб чиқди. Институт мутахассислари Ўзбекистонда олиб кириш ва фойдаланиш учун рухсат олишнинг анча мураккаб тартиби туфайли қишлоқ хўжалигида агродронлардан фойдаланиш кенг тарқалмаганини қайд этган.

«Қишлоқ хўжалигида дронлардан муваффақиятли фойдаланаётган мамлакатлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда қишлоқ хўжалиги дронларини олиб кириш, улардан фойдаланиш ва бу бўйича меъёрий-ҳуқуқий базани қайта кўриб чиқиш ҳамда лицензиялаш тартиб-таомилларини енгиллаштириш зарур», — дейилади Институт мақоласида.

Шунингдек, мутахассислар Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигида дронлардан фойдаланишни кенгайтиришни қўллаб-қувватлаш тизимини ишлаб чиқиш талаб этилишини айтган. Бундан ташқари, профессионал кадрлар тайёрлаш учун қишлоқ хўжалиги дрон операторлари мактабларини очиш керак бўлади.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида дронлардан фойдаланиш саноатда ҳосилдорликни ошириш, ҳосил сифатини яхшилаш, атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш, шунингдек, ёшларни қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига жалб қилиш учун қўшимча имкониятлар яратиши айтилган.

Ўзбекистонда 2021 йилнинг ноябрь ойидан бошлаб қишлоқ хўжалигида агротехник тадбирлар учун мўлжалланган, максимал учиш оғирлиги 100 килограммгача (бошқа мақсадларда 25 килограммдан ортиқ бўлмаган) учувчисиз учадиган аппаратлардан фойдаланишга рухсат этилган.

Мақолада қишлоқ хўжалигида агродронлардан фойдаланишнинг бир қанча асосий афзалликлари санаб ўтилган бўлиб, улар қуйидагилар:

  • Дала мониторинги ва тадқиқотлари: Агродронлар сенсорлар ва камералар билан жиҳозланган бўлиб, улар экин жараёнини кузатиш, касалликлар, ҳосилдорлик даражасини аниқлаш ва ҳатто об-ҳаво шароитини башорат қилиш имконини беради. Бу фермерларга тўғри қарор қабул қилиш ва ўз далаларини янада самарали бошқаришда ёрдам беради.
  • Далага ишлов бериш: Агродронлардан далаларга юқори аниқликдаги пуркаш тизими воситасида ишлов беришда фойдаланиш мумкин. Бу ўғит ва пестицидларни янада самарали ва аниқ қўллаш, исрофгарчилик ва атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш имконини беради.
  • Экиш: Агродронлар экиш жараёнини автоматлаштириши мумкин. Бу эса уруғларни дала бўйлаб бир текис тақсимлаш имконини беради. Бу экиш самарадорлигини оширади ва юқори ҳосил олишга олиб келади.
  • Экинларни сканерлаш: Агродронларга ўрнатилган ихтисослаштирилган камералар ва сенсорлар экинларнинг ҳолатини баҳолаш ва оптимал ҳосил вақтини аниқлаш учун сканердан ўтказиш имконини беради. Бу фермерларга ҳосилни айни етилган пайтда йиғиб олиш ва исрофгарчиликка йўл қўймасликда ёрдам беради.
  • Ҳосилдорликни ошириш: Агродронлардан фойдаланиш қишлоқ хўжалигидаги жараёнларни автоматлаштириш ва оптималлаштириш имконини беради. Бу эса ҳосилдорликнинг ошиши ва меҳнат харажатларининг пасайишига олиб келади.

Хориж мамлакатларидан Япония ва Польшада қишлоқ хўжалигида дронлардан фойдаланиш қандай самара бергани ўрганилган.

Польша Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва қишлоқ ишлари вазирлиги маълумотларига кўра, дронлардан фойдаланиш тармоқ унумдорлигини 5 фоизгача ошириши ва ҳар йили иқтисодий қийматнинг 2,5 миллиард еврога қўшимча ошишига олиб келиши мумкин. Польша ҳукумати фермерларни дрон технологиясини қўллашга чақирмоқда. Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва қишлоқ ишлари вазирлиги фермерларни дронлар учун маблағ ажратишга рағбатлантириш учун грантлар ва бошқа имтиёзларни тақдим этмоқда.

Японияни ҳам дронлардан муваффақиятли фойдаланиш бўйича намуна сифатида кўриш мумкинлиги айтилган. Чунки мамлакат Қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжаликлари вазирлиги дронларнинг тижоратлаштирилишига тўсқинлик қилмаган ва аксинча, дронлардан хавфсиз фойдаланиш учун махсус қоидалар ва операторларга лицензия бериш тизимини ишлаб чиққан ҳолда технологияни ишга туширган.

Сўнгги ўттиз йил давомида ўзгармаган ушбу қоидалар қуйидаги хусусиятларни ўз ичига олади: учувчисиз учадиган аппаратда экипажнинг йўқлиги, паст тезлик — соатига 20 километр, максимал парвоз баландлиги 3−5 метр ва парвоздан олдин текшириш.

Ушбу қоидалар оддий бўлсада, фермерларга ўз хўжаликларида ушбу технологиядан осонгина фойдаланиш имконини берадиган асосий ягона тамойилларни белгилаб берган. Бугунги кунда дронлар Япония қишлоқ хўжалигининг ажралмас қисми бўлиб, яқин йилларда улардан фойдаланиш фақат ошиши кутилмоқда. Қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжаликлари вазирлиги ҳисоботига кўра, 2023 йил охиригача Японияда агродронлар бозори 13,6 миллиард иенага (тахминан 125 миллион доллар) етади.