Ўзбекистондаги камида бешта банк Россиянинг «Юнистрим» тўлов тизими билан ишлаш тўхтатилгани ёки чекланганини расман эълон қилди.

20 июль куни АҚШ мазкур тўлов тизимига хизмат кўрсатувчи худди шу номдаги «Юнистрим» банкига қарши блокловчи санкциялар жорий қилганди. Бундан ташқари, АҚШ Ғазначилигининг Чет эл активларини назорат қилиш бошқармаси (OFAC) Тинькофф Банк, Локо-банк ва «Солидарность» банкини санкциялар рўйхатига қўшди. Шундан сўнг «Юнистрим» ҳамкорлар билан барқарор режимда, узлуксиз ишлаш имконини берувчи инфратузилма ечимини ишлаб чиққанини маълум қилди. Бу қандай восита экани ва нимани англатиши бўйича маълумот берилмаган.

«Юнистрим» билан ишлашни 21 июль куни Ўзбекистон банклари орасида биринчи бўлиб яқинда Венгриянинг OTP банки томонидан хусусийлаштирилган Ипотека-банк вақтинча тўхтатди.

24 июль куни Xalq banki ҳам шундай хабар берди.

Ўша куни кечқурун «Трастбанк» ҳам «Юнистрим» билан ишлаш тўхтатилгани ҳақида хабар берди.

25 июль куни эрталаб «Туронбанк» «Юнистрим» билан ишлаш «техник созлаш ишлари олиб борилаётгани сабабли» вақтинчалик тўхтатилгани ҳақида хабар берди. Банк муқобил тўлов тизимларини таклиф қилган — Western Union, CONTACT, MoneyGram, Asia Express, «Золотая Корона».

Орадан бир неча соат ўтиб Hamkorbank ҳам «Юнистрим» орқали халқаро пул ўтказмалари бўйича операцияларни вақтинча тўхтатганини эълон қилди. Банк муқобил вариантларни таклиф қилди — MoneyGram, Astrasend, CONTACT ва «Золотая Корона». Шу билан бирга, банк 25 июлдан бошлаб «Юнистрим» тизими орқали пул ўтказмалари ва тўловлар фақат миллий валютада амалга оширилишини қайд этди.

Spot нашри бошқа бир қанча кредит ташкилотлари, масалан, «Асакабанк» ва «Asia Alliance Bank» сайтларида «Юнистрим» тизими бўйича хабарлар йўқолиб қолганига эътибор қаратди. Шу билан бирга, «Алоқабанк» тизим билан ҳали ҳам ишлаётгани, «Агробанк» эса фақат у орқали пул ўтказмаларини қабул қилишини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Капиталбанк «шубҳали транзакциялар» туфайли 2022 йилнинг 25 июлидаёқ Contact, «Золотой Корона» ва «Юнистрим» орқали пул ўтказмаларига хизмат кўрсатишни тўхтатганди. Бундан олдинроқ — ўтган йилнинг февраль ойидан бошлаб «Ипак йўли» банки томонидан «техник сабабларга кўра» мазкур тизимдан тўловлар амалга оширилиши тўхтатилганди. Тизим билан ишлаш қайта тиклангани ҳақида хабар берилмаган.

Бундан ташқари, Қозоғистон, Арманистон ва Грузиядаги бир қатор банклар АҚШ санкциялари эълон қилиниши ортидан «Юнистрим» орқали пул ўтказмаларини тўхтатишини маълум қилди. Тожикистон ва Қирғизистонда ҳам Россия тизими орқали доллар ва евродаги пул ўтказмаларига чекловлар киритилмоқда.

«Юнистрим» мустақил банкка айланди. Унинг мижозларига дунёнинг 63 мамлакатидаги 150 минг нуқтада хизмат кўрсатилади. Унинг асосий бизнеси пул ўтказмалари билан боғлиқ бўлиб, даромадининг салмоқли қисми МДҲ давлатларидан келган меҳнат мигрантларининг операциялари билан боғлиқ ҳисобланади. Улар рублда маош олади ва уйига долларда пул жўнатади.