Ҳиндистон бошқа мамлакатларга гуруч экспортини тақиқлаши ортидан дунёда озиқ-овқат нархининг ошиши кузатилиши башорат қилинганди. Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг «Газета.uz»га маълум қилишича, ижтимоий тармоқларда билдирилаётган хавотирлар ўринсиз ва бу ҳолат мамлакатдаги нархга ўз таъсирини кўрсатмайди.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда ҳар йили 100 минг гектардан ортиқ майдонларда шоли экиб, етиштиради. Республика шароитида аҳоли жон бошига ўртача йилга 9,8 кг дан гуруч истеъмоли талаб этилади. Яъни республика аҳолиси тўлиқ гуруч маҳсулотлари билан таъминлаш учун 353 минг тонна гуруч захираси талаб этилади.

Республика худудларида 2022 йилда 105,8 минг гектар майдонларда шоли экилиб, 516,9 минг тонна шоли етиштирилган. Гуруч ҳисобида 310 минг тоннани ташкил этади. Яъни аҳоли талабига нисбатан 43 минг тонна кам гуруч ишлаб чиқарилади (2021 йилга нисбатан 48 минг тонна кўп шоли етиштирилган).

Тахлилларга кўра, 2022 йилда республика бўйича 8 минг тонна гуруч импорт қилинган бўлса, 2023 йилда 53,5 минг тонна гуруч импорти амалга оширилган. Яъни истеъмолга нисбатан 10 минг тонна ортиқча гуруч импорт қилинган.

Гуруч импорти Қозоғистондан 29,3 минг тонна (54,7%), Покистондан 23,2 минг тонна (43,3%), Таиланддан 599 тонна (1,1%), Туркиядан 265 тонна (0,5%) ва Хиндистондан 126 тонна (0,2%) ва бошқа мамлакатлардан 21,1 тонна (0,02%) гуруч импоти амалга оширилган.

«Юқоридагиларни инобатга олиб, хулосага кўра, сўнгги 5 йилда Ҳиндистон мамлакатидан республикамизга жами 232,6 тонна гуруч импорти амалга оширилган, холос. Жорий йилда Ҳиндистоннинг бошқа мамлакатларга гуруч экспортини тўхталиши Ўзбекистон Республикасига ўз таъсирини кўрсатмайди», — дея маълумот берди вазирлик.

гуруч, қишлоқ хўжалиги вазирлиги, ҳиндистон

Маълумот учун, Ҳиндистон гуруч экспорти дунёда 1-ўринда бўлиб, умумий жаҳон экспортининг 36,8 фоизини ташкил қилади, асосий экспорт Африка давлатлари (7,1 млн тонна), Хитой (2 млн 118 минг тонна), Эрон (1 млн 245 минг тонна), Саудия Арабистони (1 млн 12 минг тонна) ва бошқа давлатлар ҳисобланади.

Жаҳон бозорида 2023 йил июнь ҳолатига ўртача гуруч нархи 1,93 доллар (22 364 сўм), энг арзон нарх 0,52 доллар (6025 сўм) (Тунис), максимал нарх 4,84 долларни (56 086 сўм) (Сербия) ташкил этмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон деҳқон бозорларида гуручнинг 1 кг нархи навидан келиб чиқиб, 11 500 сўмдан 25 000 сўмгача сотилаётгани билдирилди (ўтган йил мос даврига нисбатан 35,2% га ўсган). Жумладан, гуручнинг «Авангард» нави 11 500 — 17 500 сўмгача, «Аланга» нави 16 000 — 18 500 минг сўмгача, «Лазер» нави 19 500 — 25 000 сўмгача сотилмоқда.

Кузатув натижаларига кўра, гуручнинг минимал нархи Нукус шаҳрининг «Нукус деҳқон бозори» ва Гулистон шаҳрининг «Гулистон деҳқон бозори»да («Нукус-2» ва бошқа маҳаллий навли гуручлар) 11 500 сўм қайд этилган. Максимал нарх эса Тошкент шаҳрининг «Фарҳод деҳқон бозори»да 25 000 сўмдан сотилгани кузатилди («Лазер» навли гуруч). Шу билан бирга, ушбу бозорда гуручнинг минимал нархи 13 000 сўмни ташкил этган.

«Барча бозорлар гуруч билан узлуксиз таъминланган ҳамда захиралар етарли», дея таъкидлаган вазирлик аҳолини ижтимоий тармоқларда гуруч нархининг ошиб кетиши «асоссиз тарғиб қилинаётганидан» огоҳлантирди ва буни «нархни асоссиз оширишга ҳаракат» деб атади.