24 июль куни соат 16:50 атрофида А-373 Тошкент-Ўш автомобиль йўлида юк машинаси хандаққа ағдарилиб кетди, дея хабар бермоқда Наманган вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати.

Тошкентдан водий йўналишига қараб ҳаракатланган DAF юк автомашина ҳайдовчиси эҳтиётсизлиги оқибатида йўл ўртасида қайчи усулида тўхтаб қолган ва ёқилғиси оқиб кетган. Унинг ортидан келаётган CIMC русумли қурилиш маҳсулоти ташишга мўлжалланган автомашина суюқликка тойиб кетиб, йўл четидаги хандаққа тушиб кетган.

Воқеа жойига ФВВнинг Қамчиқ довони қутқврувчилари етиб борган. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ, дейилади хабарда.

Шу куни соат 17:30 атрофида ҳам довон ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўлининг 243-километрида Sinotruk Howо русумли юк транспорт воситасининг ҳайдовчиси бошқарувни йўқотганлиги сабабли автомобиль йўл четига ағдарилган.

Ҳодиса сабаб тан жароҳати олган ёки вафот этганлар бўлмаган. Ҳайдовчига амалий ёрдам кўрсатилиши вақтида қисқа тирбандлик юзага келган ва у бартараф этилган.