Telegram`даги каналларда Тошкент шаҳри Сергели туманидаги «Қурувчилар» маҳалласида бир суткадан бери электр энергияси йўқлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Унга кўра, электр энергияси 23:30 гача келиши ваъда берганига қарамай 25 июлнинг соат 10:30 ҳолатида ҳам ушбу маҳаллада электр билан боғлиқ муаммо ҳал этилмаган.

Ушбу хабарлардан сўнг Сергели тумани ҳокимияти вазият юзасидан изоҳ берди. Унда айтилишича, 24 июль куни соат 13:00 да «Қурувчилар» МФЙ ҳудудидаги юқори кучланишли симларда қисқа туташув содир бўлган.

Шу сабабли ҳудудда таъмирлаш ишлари олиб борилган ва соат 15:00 да электр тармоққа уланиб, истеъмолчилар электр токи билан таъминланган. Аммо, электр тармоғи симлари сув қувурига тегиб туриши оқибатида тармоқда қайта қисқа туташув юзага келган ва электр таъминоти узилиши рўй берган.

«Бугун 25 июль куни эрталаб соат 05:00 дан электр энергия тизимини яхшилаш ва юқоридаги каби ҳолатларни олдини олиш мақсадида 180 метр узунликдаги янги электр тармоқ симларини тортиш ишлари олиб борилмоқда, шунингдек, иш жараёнлари якунлангач, бугун соат 19:00 га қадар электр таъминоти қайта тўлиқ тикланишини маълум қиламиз», — дейилади ҳокимлик хабарида.

Бундан ташқари, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Тошкент шаҳар филиали 25 июль куни Сергели туманининг «Нўғайқўрғон» ва «Қубайтепа» МФЙларнинг айрим кўчаларида соат 16:00 гача, Яшнобод туманининг «Кўксарой» МФЙнинг айрим кўчаларида соат 17:00 гача электр энергияси бўлмаслигини маълум қилди.