Ижтимоий тармоқларда бир эркакнинг ёш болаларни ахлоқсиз ҳаракатлар қилишга мажбурагани акс этган видео тарқалиб, у ушлангани ҳақида хабар берилган эди. Бош прокуратура ахборот хизматининг маълум қилишича, 39 яшар эркакка нисбатан Жиноят кодексининг 129-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди.

«Мазкур жиноят иши бўйича Олмалиқ шаҳри ИИБ тергов бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда», — дейилади прокуратура ахборотида.

Аввалроқ Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати раҳбари Бобур Тўлаганов видеодаги шахс Пискент туманида яшовчи Ф.Х. экани, у руҳий касалликлар диспансерида доимий рўйхатда туришини маълум қилганди. Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекциянинг тегишли маълумотига кўра, фуқаро болалигидан 2-гуруҳ ногирони ҳисобланади.

«Ҳолат юзасидан фуқаронинг яқинлари билан ўтказилган профилактик суҳбат ва терговга қадар суриштирув давомида унинг ҳозирги ҳолати мутахассислар томонидан ўрганилиб, даволаниши учун Олмалиқ шаҳридаги руҳий асаб касалликлари диспансерига жойлаштирилди», — дея хабар берганди вилоят ИИББ ахборот хизмати.