Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБнинг 2022 йил 16 июндаги тезлик оширилгани учун чиқарган жарима солиш тўғрисидаги қарори Олий суд томонидан бекор қилинди. Бу ҳақда Kun.uz хабар қилди.

Гап шундаки, ҳайдовчи қоидабузарлиги кўчма радар орқали қайд этилган, лекин ҳайдовчига ўз қоидабузарлиги бўйича мосламанинг кўрсаткичлари билан таништирилмаган. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сон қарори билан тасдиқланган низомнинг 31-бандига асосан, кўчма фоторадар ва мобиль комплекслардан фойдаланганда, ЙПХ ходими ҳаракат тезлигини ошириб қоидани бузган ҳайдовчини мосламанинг кўрсаткичлари билан таништириши, унинг талаби билан мосламанинг сертификати (нусхаси)ни кўрсатиши лозим.

Дастлаб, Жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар суди қарори билан фуқарога ИИББ ЙҲХБ томонидан чиқарилган қарор ўзгаришсиз қолдирилган. Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси суд қарорини ўзгаришсиз қолдирган.

Суд қарорига кўра, ҳуқуқбузар (ҳайдовчи) «Тошкент — Термиз» автомобиль йўлида белгиланган 70 км/соат тезлик чегараланган жойда 82 км/соат тезликда ҳаракатланган. Ҳайдовчининг тезлиги «Multiradar CD» (автомобилга ўрнатилган радар) воситаси орқали аниқланган бўлиб, бу восита мобил комплекс ҳисобланади.

Шу сабабли ушбу восита орқали қоидабузарликни Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 975-сонли қарори билан тасдиқланган низомда кўрсатилган «Кўчма фоторадар ва мобиль комплекслардан фойдаланганда, ЙПХ ходими мосламанинг кўрсаткичлари билан ҳаракат тезлигини ошириб, қоидаларни бузган ҳайдовчини таништириши, унинг талаби билан мосламанинг сертификати (нусхаси)ни кўрсатиши лозимлиги, шунингдек мазкур талабга риоя этилмаган ҳолда расмийлаштирилган баённомалар юридик кучга эга бўлмаслиги ва ҳуқуқий оқибат ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқармаслиги» ҳақидаги талаблар асосида амалга ошириши лозим.

Бироқ Самарқанд вилояти ИИББ ЙҲХБ инспектори томонидан ушбу талабларга риоя қилинмагани биринчи ва апелляция инстанцияси судларининг эътиборидан четда қолган. Натижада Олий суд кассация инстанциясининг 2022 йил 14 октябрдаги қарори билан Чирчиқ шаҳар суди ва Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг қарорлари бекор қилиниб, ҳайдовчига оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш МЖтКнинг 271-моддаси 1-бандига аоссан тугатилган.

«Бундан кўринадики, „учоёқ“ ёки автомобиль (одатда Nexia-3)га ўрнатилган радарлардан тезлик учун жарима олган фуқаро, агар ЙПХ ходими уни тўхтатмаган ва ҳаракат тезлиги кўрсаткичи билан таништирмаган бўлса, жаримани суд орқали бекор қилиш ҳуқуқига эга. Бунда жиноят ишлари бўйича тегишли судга шикоят қилиш, ушбу мақолада ва Олий суднинг 2023 йилги 1-сон ахборотномаси 22-бетида кўрсатилган ҳолатни аризада эслатиб ўтиш мумкин», — дейилади мақолада.

ЙҲХХ ҳуқуқшуноснинг гапларини инкор қилишга уринди

Интернетда ҳуқуқшунос томонидан ҳайдовчиларга шу масалада маслаҳат берилган видео тарқалди. Видео муаллифи кўчма радарлар қайд этган тезликка доир қоидабузарлик бўйича маъмурий баённомалар, агар ҳайдовчи радардаги кўрсаткич билан таништирилмаган бўлса, ҳақиқий деб ҳисобланмаслигини таъкидлайди.

ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати масалага изоҳ беришга ва ҳуқуқшуноснинг иддаоларини рад этишга уринган. Лекин, расмийлар муносабати акс этган видеода ҳуқуқшунос айтган гаплар одамларни чалғитувчи даражада кесилиб, контекстдан масаланинг моҳиятидан узоқлаштирувчи даражада монтаж қилиб кўрсатилган.

«Яъни бундан гўё гап айнан қайси турдаги радарлар ҳақида кетаётганини билдирмаслик мақсад қилинган», — дейилади мақолада.