19 июль куни Сирдарё вилояти Боёвут туманида ит тишлаган эркак вафот этди, дея хабар бермоқда Санитария-эпидемиология қўмитаси матбуот хизмати.

Вилоят юқумли касалликлар шифохонасига 18 июль куни соат 19:20 да қутуриш касаллигига гумон қилиниб, 64 ёшли А.С.(эркак) ётқизилган. Уни феврал ойида ўзининг 3 ёшли, қора рангли ити чап оёқ болдир соҳасини тишлагани, июль ойигача бўлган вақт давомида тиббиёт муассасасига мурожаат қилмагани маълум бўлган.

Шифохона томонидан беморга ўтказилган даво муолажасига қарамасдан эркак 19 июль куни соат 21:35 вафот этган. Бемордан намуна олиш учун патологик анатомия текширувига жўнатилган.

Таъкидланишича, марҳумга жароҳат етказган итни бошқа фуқароларга жарохат етказганини ўрганиш ва касалликни олдини олиш мақсадида марҳум яшаш манзилида штаб ташкил этилган. Тиббиёт ходимларидан иборат 10 та гуруҳ тузилиб 32 нафар тиббиёт ходимлари хонадон айланиш тадбирларига жалб этилган.

«Санэпид қўмитанинг Боёвут тумани бўлими 10 нафар ходимлари эпидемиологик суриштирув ишларини олиб бормоқда. Мутахассислар хонадонма-хонадон юриб аҳолининг тиббий-санитария маданиятини ошириш мақсадида хавфли, ўта хавфли юқумли касаллликлар мавзуларида санитария-тарғибот ишларини олиб бормоқда», — дейилади хабарда.

Ҳозирда Сирдарё вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқарма маъсуллари ҳамда туман мутахассислари хонадонлардаги итларни, мушукларни қутириш касаллигига қарши эмламоқда.