Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси тармоқларда боғча тарбиячиси болаларни ураётгани акс этган видео юзасидан муносабат билдирди.

Воқеа 18 июль куни Янгийўл тумани «Ибрат» МФЙда жойлашган «Оминахон» номли нодавлат оилавий МТТда содир бўлган. 21 ёшли тарбиячи Ҳ.А. (аёл) шу боғчадаги икки нафар (5−6 ёшли) ўғил болани ўзаро талашиб, машғулотга халал бергани учун уришиб, уй оёқ кийими билан урган.

Жараён воқеага гувоҳ бўлган шахс томонидан тасвирга олиниб, ижтимоий тармоқларда тарқатилган. Ҳолат юзасидан ИИБ томонидан тарбиячи ва бошқа масъуллар билан профилактик суҳбат ўтазилган. Болаларни суд тиббий экспертизасидан ўтказиш учун йўлланма берилган.

«Экспертиза хулосаси ва ўтказилаётган терговга қадар текширув натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади. Ўрганиш давомида тарбиячи тегишли тартибда ишдан бўшатилиб, тадбиркор огоҳлантирилди», — дейилади хабарда.