Жиззах вилоятида 541 та балиқни ноқонуний овлаган фуқаро табиатга 178,5 миллион сўмлик зарар етказди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Таъкидланишича, вазирликнинг Айдар-Арнасой кўллар тизими бўлими давлат инспекторлари ҳамда Жиззах вилояти прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида назорат рейд тадбири ўтказилган.

Фото: Экология вазирлиги

Рейд давомида кўллар тизимининг Арнасой бўлими ҳудудида Тошкент вилояти Чиноз туманида яшовчи фуқаро Т.Б. томонидан ноқонуний балиқ овлангани аниқланган. Фуқаро бошқарувидаги автотранспорт воситасида овлаш тақиқланган кичик ўлчамдаги жами 541 та (113,5 кг) оқсила, яъни судак балиқлари топилган.

Ўрганиш натижасида ҳайвонот дунёсига жами 178 миллион 530 минг сўм зарар келтирилгани аниқланган. Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар прокуратура органларига тақдим этиш учун тайёрланмоқда.