2023 йилнинг февралида Жиноят кодексининг 2 моддаси билан айбланиб, процессуал тартибда ушланган блогер Абдуқодир Мўминов иши бўйича суд 25 июль куни бўлиб ўтади. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов маълум қилди.

Абдуқодир Мўминов Жиноят кодексининг 141−1-моддаси (Шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) 2-қисми «а», «б» бандлари, 165-моддаси (Товламачилик) 3-қисми «а» банди, 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми «б», «в» бандлари, 4-қисми «а» банди, 189-моддаси (Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисми ва 28,211-моддаси (Пора беришда иштирокчилик) 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

«Oynaga qarang» МЧЖ раҳбари бўлган 33 ёшли Абдуқодир Мўминовга оид жиноят иши жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судининг иш юритувига келиб тушган. Уни кўриб чиқиш бўйича жараён 25 июль куни соат 15:00 да бошланиши белгиланди.

«Тасдиқланган айблов хулосасига кўра, мазкур жиноят иши бўйича 14 нафар жабрланувчи мавжуд бўлиб, жиноят оқибатида уларга жами 903 млн 421 минг 567,5 сўм миқдорида моддий зарар етказилгани аниқланган», — дейилади Олий суд ахборотида.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Абдуқодир Мўминовнинг тергов вақтида қийнаб ўлдирилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Бош прокуратура матбуот котиби «Газета.uz»га бу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслиги, «у тирик ва соғлом» эканини айтганди.