Шавкат Мирзиёевнинг 1 июндаги фармони билан президент ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилганди. Мансурбек Оллоёров эса президентнинг ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича маслаҳатчиси — агентлик директори лавозимига тайинланган.

Агентлик аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади. У ўз фаолиятини бошқа давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади. Агентлик ташкил топиши билан Бандлик вазирлиги, ССВ, ИИВ, ММТВ ва бошқа тузилмаларнинг тегишли бўлимлари агентликка ўтган.

Ҳужжатда агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бошқармалари ҳамда туман (шаҳар)ларда «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ташкил этилиши белгиланган. «Газета.uz» ҳудудий бошқармалар бўйича амалга оширилган тайинловларни бир ерга жамлади.

Хоразм вилояти

Шерзод Жуманазарович Бердиев президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги

У тайинловга қадар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг Хоразм вилояти бош бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаган.

Самарқанд вилояти

Хуршид Aрипович Назаров агентликнинг Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги

Бунга қадар Назаров президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Самарқанд вилояти филиали раҳбари лавозимида фаолият олиб борган.

Андижон вилояти

Акмалжон Муҳаммадумарович Тўланов агентликнинг Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги

Фото: Facebook / Akmal Tulanov

Ушбу лавозимга тайинлангунига қадар у Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг Андижон вилоят бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Акмалжон Тўланов 1989 йилда Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида туғилган. Меҳнат фаолиятини 2013 йилдан бошлаган. Ушбу лавозимга тайинлангунига қадар Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг Андижон вилоят бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди.

Фарғона вилояти

Элёрбек Мадаминович Асронқулов агентликнинг Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги

У бунга қадар Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи вазифаси ишлаб келаётганди.

Наманган вилояти

Иброҳим Икрамович Ходжиев агентликнинг Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги

Иброҳим Икрамович 1989 йилда Наманган шаҳрида туғилган. 2011 йилда Наманган муҳандислик-иқтисодиёт институтини тамомлаган. Мутахассислиги иқтисодчи.

У меҳнат фаолиятини ёшлар ташкилоти тизимида туман, вилоят ва Республика даражасидаги лавозимларда олиб борган, 2015−2019 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати бўлган.

Тайинловга қадар президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Наманган вилояти филиали раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.

Жиззах вилояти

Наргиза Эшқўзиевна Мавланова агентликнинг Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги

У тайинловга қадар Жиззах вилояти ҳокимлиги Болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибияти мудири лавозимида ишлаб келаётганди.

Қашқадарё вилояти

Жамшид Алиқулович Рахмонқулов агентликнинг Қашқадарё вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги

Жамшид Рахмонқулов 1987 йилда Қарши шаҳрида туғилган. Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтини бакалавр ва магистратура босқичларини тамомлаган. Мутахассислиги иқтисодчи. Халқ депутатлари Қарши шаҳар кенгаши депутати.

Тайинловга қадар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг Қашқадарё вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди.

Cирдарё вилояти

Адхам Абдуллаевич Байзақов агентликнинг Cирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги

У мазкур тайинловга қадар вилоят ҳокимлиги ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари лавозимида фаолият олиб борган.

Бухоро вилояти

Умиджон Касимджонович Умаров агентликнинг Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги

Умаров 1983 йилда Когон туманида туғилган. 2004 йилда Тошкент молия институтини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги — бухгалтерия ҳисоби ва аудит.

Меҳнат фаолиятини 2004 йилда Ғиждувон туман автомобиль йўллар бошқармасида техник ҳисобчиликдан бошлаб, узоқ йиллар вилоят молия бошқармасида турли вазифаларда ишлаган.

У тайинловга қадар Тошкент шаҳри Маданий мерос бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди.

Сурхондарё вилояти

Мухиддин Сайфидинович Тағоев агентликнинг Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари — бошқарма бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчиси этиб тайинланди.

ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги

У 1983 йилда Бойсун туманида туғилган. 2007 йил Термиз давлат университетини, 2016 йил Ўзбекистон солиқ академиясини тугатган. Маълумоти бўйича мутахассислиги — транспорт воситаларини ишлатиш ва таъмирлаш, солиқлар ва солиққа тортиш.

Тағоев меҳнат фаолияти давомида солиқ органларида турли вазифаларда ҳамда туман ҳокимининг ўринбосари лавозимида меҳнат қилган.

Тайинловга қадар 2022 йилдан буён Термиз тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётганди.

Тошкент шаҳри

Нилуфар Ҳикматжоновна Фозилжонова агентликнинг Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.

ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги

У тайинловга қадар қатор масъул лавозимларда — Мирзо Улуғбек туман Мактабгача таълим бўлими мудири ва Тошкент шаҳри Мактабгача таълим бош бошқармаси бошлиғи в.в.б. бўлиб ишлаган.

Тошкент вилояти

Сардорбек Кадирович Эргашев агентликининг Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.

ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги

Тайинловга қадар у Тошкент тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритаётганди.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сайлаубай Сапарбай ўғли Данияров агентликининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги

У тайинловга қадар президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси филиали раҳбари лавозимида фаолият юритган.

Навоий вилояти

Қаҳрамон Ражабов Раззоқович агентликнинг Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.

ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги

Ражабов тайинловга қадар Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Навоий вилояти филиали бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатган.