Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида рейд тадбири олиб бораётган туман Экология бўлими бошлиғи, инспектор Мирали Ҳожиев хизмат вақтида яраланди, дея хабар бермоқда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбут хизмати.

Инспектор Қоровулбозор ҳудудида ноқонуний ов қилинаётганидан хабар топган. Ҳолатга чек қўйиш мақсадида воқеа жойига борганида браконьер томонидан ўқ узилиши оқибатида қўлидан яраланган. Браконьер эса воқеа жойидан яширинган.

Инспекторга тез тиббий ёрдам кўрсатилган. Айни дамда унинг аҳволи яхши. Браконьерларни қўлга олиш чоралари кўрилмоқда, дейилади хабарда.

Бош прокуратура текшириш давомида ов қилиш мақсадида келган ва ушбу қилмишни содир этган шахслар аниқланганини, улардан 2 дона ов қуроллари холислар иштирокида олиб қўйилганини маълум қилди.

Экология бошлиғи олган тан жароҳатлари юзасидан судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган. Ҳолат юзасидан прокуратура томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қўшимча маълумот

Бош прокуратура ҳолат бўйича Қоровулбозор тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 25, 202 (Ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш) ва 219 (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Жиноят иши тергови устидан прокурор назорати ўрнатилган.