Минглаб Украина фуқаролари Россия ва Украинанинг босиб олинган ҳудудлари бўйлаб расмий ва норасмий қамоқхоналар тармоғида сақланмоқда, улар қийноққа солинади ва қул меҳнати учун фойдаланилади. Бу ҳақда Associated Press (AP) янги терговида айтилган.

Россия ҳукумати ҳужжатини қўлга киритган AP агентлигига кўра, РФ 2026 йилгача босиб олинган Украинада яна камида 25 та шундай қамоқхона қуришни режалаштирмоқда.

«Ишғол қилинган ҳудудларда кўплаб тинч аҳоли вакиллари шунчаки украин тилида гаплашгани ёки ёш бўлгани каби арзимаган айблар билан ҳибсга олинади ва кўпинча ҳеч қандай айбловсиз ушлаб турилади. Бошқалар эса террорчилар, жангчилар ёки «махсус ҳарбий операцияга қаршилик кўрсатган» (Россия раҳбарияти Украинага бостириб киришни шундай атайди — таҳр.) сифатида айбланмоқда. Юзлаб рус ҳарбийлари қул меҳнати — ҳандақ ва бошқа истеҳкомлар қазиш, шунингдек, оммавий қабрлар учун фойдаланмоқда, деб ёзади AP.

Суриштирув мобайнида AP журналистлари ўнлаб одамлар, жумладан, собиқ украиналик асирлар ва ҳарбий асирлар, маҳбусларнинг оилалари, Украина разведка хизмати ходимлари билан суҳбатлашди, шунингдек, сунъий йўлдошдан олинган суратлар, ижтимоий тармоқлар, ҳукумат ҳужжатлари ва Қизил Хоч хатларини таҳлил қилди.

«Улардан олинган маълумотлар, шунингдек, сунъий йўлдош тасвирлари, ижтимоий тармоқлар маълумотлари, ҳукумат ҳужжатлари ва Қизил Хочдан келган хатлар Россияда тинч аҳолини ҳибсга олиш ва уларга нисбатан Женева конвенциясига тўғридан-тўғри зид келадиган шафқатсиз муносабатда бўлишнинг улкан тизими мавжудлигини тасдиқлайди», — дейилади материалда.

AP суҳбатлашган собиқ маҳбуслар бу қамоқхоналардаги қийноқлар «одатий» эканлигини айтишди. Уларга электр токи теккизиш, синишгача уриш ва бўғиш киради. Кўпчилик ўлим ҳолатларига гувоҳ бўлганини айтган.

БМТнинг июнь ойида Россиянинг Украинага бостириб кириши пайтида украиналик тинч фуқароларнинг ҳибсга олингани ҳақидаги ҳисоботида 77 нафар тинч аҳоли асири қатл этилгани ва қийноқлар натижасида бир кишининг ўлими ҳужжатлаштирилгани айтилади. Россия ҳарбийлари томонидан ҳибсга олинган тинч асирларнинг 90 фоиздан ортиғи қийноқлар ва шафқатсиз муомалалар, жумладан жинсий зўравонлик ҳақида гапирган.

Баъзи тинч аҳоли вакиллари, AP маълумотларига кўра, бир неча кун ёки ҳафта, бошқалари бир йилдан кўпроқ вақт давомида ҳибсда сақланган. Ҳозирда Россия қамоқхоналарида сақланаётган Украина фуқароларининг аниқ сони номаълум. Украина расмийларининг ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йил февралидан бери 10 мингга яқин тинч аҳоли ҳибсга олинган бўлиши мумкин.

Россия тинч аҳолини ушлаб туриш фактини тан олмайди, дейилади материалда. Келажакда маҳбуслар, гарчи халқаро қонунларда тинч аҳолини ҳарбийларга айрибошлаш тақиқланган бўлса ҳам, рус аскарлари эвазига алмаштирилиши мумкин.

AP маълумотларига кўра, Украинанинг босиб олинган ҳудудларида ҳозирда камида 63 та қамоқхона (БМТ маълумотларига кўра — 125 та) мавжуд бўлиб, уларда Украина фуқаролари сақланмоқда. Улар, шунингдек, Россия ва Белоруссиядаги қамоқхоналарга ҳам жўнатилади. У ерларда, AP ҳисоб-китобларига кўра, камида 40 та шундай қамоқхона бор.