Асакадаги UzAuto Motors заводи 17 июль, душанба кунидан тўлиқ қувватда қайта ишга тушади. Ҳозирда цехлар босқичма-босқич ишга туширилмоқда, дея хабар берди компания матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Аввалроқ компания Асакадаги автомобиль заводи режалаштирилган модернизация ишлари сабабли иш фаолиятини вақтинча тўхтатганини маълум қилганди.

Корхона Жанубий Корея ва бошқа мамлакатлардан келган 170 нафар мутахассис билан ҳамкорликда ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ва барқарор ишлаб чиқаришни таъминлаш мақсадида заводнинг ишлаб чиқариш линияларини режали модернизация қилишни йўлга қўяётгани айтилганди.

Модернизация режаси доирасида пресслаш цехида янги Fanuc (Япония) роботлаштирилган тизимининг дастурий таъминотини ишлаб чиқиш ҳамда ишга тушириш ишлари олиб борилиши, бўёқлаш цехида эса конвеер рельслари алмаштириш, цехдаги роботлаштирилган тизимларга техник хизмат кўрсатилиб, бўяш жараёнида ишловчи барча тизимлар синовдан ўтказиш режалаштирилганди.

Компания йиғув цехининг иккита линиясида ҳам ишлаб чиқариш тезлиги оширилишини, яъни биринчи линияда ишлаб чиқариш тезлигини 35 та (соат/автомобиль), иккинчи линияда бу кўрсаткич 30 тага етказиш имконияти яратилишини маълум қилган.

Модернизация барча автомобиль моделларининг йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини оширади, дейилган хабарда. Иккинчи линиянинг модернизация қилиниши Chevrolet Cobalt автомобилининг йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини 30 минг донага ошириш имконини беради. 2022 йилда компания ушбу русумдаги 101,6 мингдан ортиқ автомобиль ишлаб чиқарган.

Шунингдек, бу истеъмолчиларга автомобилларни етказиб бериш жадвалига таъсир қилмаслиги таъкидланганди.