Асакадаги автомобиль заводи режалаштирилган модернизация ишлари сабабли иш фаолиятини вақтинча тўхтатди, деб хабар қилди UzAuto Motors матбуот хизмати.

Корхона Жанубий Корея ва бошқа мамлакатлардан келган 170 нафар мутахассис билан ҳамкорликда ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ва барқарор ишлаб чиқаришни таъминлаш мақсадида заводнинг ишлаб чиқариш линияларини режали модернизация қилишни йўлга қўймоқда, дейилади хабарда.

Модернизация режаси доирасида пресслаш цехида янги Fanuc (Япония) роботлаштирилган тизимининг дастурий таъминотини ишлаб чиқиш ҳамда ишга тушириш ишлари олиб борилади. Бўёқлаш цехида эса конвеер рельслари алмаштириш, цехдаги роботлаштирилган тизимларга техник хизмат кўрсатилиб, бўяш жараёнида ишловчи барча тизимлар синовдан ўтказилади.

Йиғув цехининг иккита линиясида ҳам ишлаб чиқариш тезлиги оширилади, яъни биринчи линияда ишлаб чиқариш тезлигини 35 та (соат/автомобиль), иккинчи линияда бу кўрсаткич 30 тага етказиш имконияти яратилади.

Модернизация барча автомобиль моделларининг йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини оширади, дейилади хабарда. Иккинчи линиянинг модернизация қилиниши Chevrolet Cobalt автомобилининг йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини 30 минг донага ошириш имконини беради. 2022 йилда компания ушбу русумдаги 101,6 мингдан ортиқ автомобил ишлаб чиқарган.

«Ишлар режалаштирилган ва истеъмолчиларга автомобилларни етказиб бериш жадвалига таъсир қилмайди», — дея ишонтирди компания.