20 июнь куни «Муштум» журналининг Telegram каналида Сурхондарё вилояти Бандихон тумани прокурори Соатмурод Махмановга тегишли экани айтилаётган аудио тарқалгани хабар қилинганди. Каналда аудиоёзувга изоҳ сифатида қайд этилишича, прокурор тумандаги МФЙ раисларига уларнинг хизмат вазифаларига, ваколатларига кирмайдиган — аҳолидан солиқ тўловларини ундириш вазифасини юклаб, сўроққа тутиб, дўқ-пўписа ва ҳақорат қилиб, камситган.

Ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган мазкур аудиода туман прокурори олдидаги одамларни уятсиз сўзлар билан ҳақорат қилиб, сўкингани акс этган.

«Сен кеча нима ваъда берган эдинг, ит? Нима ваъда берган эдинг деяпман? Қани пулинг, бер буёққа. Қанча бор? 2 млн сўм туширгансан? Нимани ваъда бергандинг, кечаги пулни кўтариб келяпсан. Эркакмисан сенлар эй? Хотинчалиш. Эркакмисан сен ҳам? Итдан тарқаган экансан-ку. Одамдан тарқаганингда одамнинг ишини қилардинг. Бор, итнинг ишини қил, вовуллаб ўтир кўчада. Тур йўқол, ифлос», — дейилади аудиода.

Бошқа бир одамга эса «тўртта одамини йиға олмаса, аризасини ёзиб, йўқолишини» айтаркан, «Йўқ, мен тушунмаяпман-да, бу тизим. Сиз … еб ўтирибсизми, энангизники борми бу ерда?!» деган прокурор экани айтилаётган шахс.

Аудио бўйича Сурхондарё вилояти прокуратураси расмий муносабат билдираркан, тармоқларда тарқалаётган аудиоёзувларнинг ҳаққонийлиги, қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда юз бергани ҳамда бошқа ҳолатлар ўрганилаётганини маълум қилганди.

«Муштум» журнали таҳририятининг Бош прокуратура матбуот хизматига таяниб маълум қилишича, Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан Бандихон туман прокурорининг хатти-ҳаракатлари юзасидан ўтказилган текшириш натижасига кўра, Соатмурод Маҳмановга нисбатан интизомий жазо қўлланган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасида шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш, яъни ҳақорат учун жавобгарлик белгиланган. Бироқ шунга қарамасдан одамларни ҳақорат қилган прокурорга нисбатан маъмурий иш очилмаган.

Бундан ташқари «Муштум» журнали 12 июль куни айни шу прокурор Соатмурод Махманов фермер Чори Пиримқуловнинг мурожаатини эълон қилди. Унда айтилишича прокурор Чори Пиримқуловни мажлисга кеч келгани учун ҳақорат қилган ва калтаклаган.

Таъкидланишича, прокурор «Эй чўчқа, чўчқадан тарқалган, …қа кеч келдингми?! Ит, итдан тарқаган! Чиққан жойингга тиқиб юбораман», — деб ҳақоратлаб, фермерни ўзи олиб келган этик билан бошига урган.

Жамоатчилик муносабати

Ушбу ҳолатга муносабат билдирар экан Kainbek Telegram-канали «Қонунлар фақат қора халққа келганда ишлайди», — деб ёзди.

Ҳуқуқшунос Зафарбек Солижонов эса ҳолатнинг илдизига эътибор қаратиш кераклигини ёзган.

«Конституциядаги маъмурий бўлинишга истисно тарзда оғзаки сектор тизими ҳам жорий қилинди. Прокуратура шундан бери асосий фаолиятидан оғимоқда. 21 йил аввал қабул қилинган ҳужжати эса эскирган, аммо амалда. Прокурорлар ҳақида айрим хабарларни кўрсам кулгим келади: ун тарқатди, буғдойда, пахта теримида, фалончини хабар олди ва бошқалар», — дея ёзади у.

«Прокуратурани сектор тизимидан чиқариш керак. Қонун ижросини таъминлаши ва жиноятчиликка қарши курашиши, олдини олиши керак бўлган прокурорлар такрорланувчи ижтимоий функцияларни бажариш билан банд. „Оқсоқол қани? Қийналган оилага кийим тарқатяпти. Прокурор қаерда? У ҳам ҳудди шу иш билан қўшни маҳаллада“. Кулгилими? Маҳаллий „диктаторчалар“ бўлган ҳокимларга бўйсунишлари эса ёзилмаган қонун. Улар бир вақтлари бу ишлар учун ўқимаган. Оёғи ердан узилган мансабдорларни рамкага солувчи куч бўлиши зарур, прокуратура».

«Фаренгейт бўйича 451 асарида Кларисса касби ўт ўчирувчи бўлган Монтэгга „ростан ҳам бир вақтлари сизларнинг асосий ишингиз ўт ўчириш бўлганми?“ дея савол беради. Ғалатими? Чунки юқорининг топшириғи билан китобларга ўт қўйишга ўтган ўт ўчирувчилар асосий иши — ўт ўчиришни унутишганди. Прокуратуранинг янги таҳрирдаги қонун лойиҳасини тезлаштириб қабул қилмасак, уларни ўз вазифаларини бажаришга йўналтирмасак, прокурорлар ҳам аслиятини унутишни бошлайди. Ишонаверинг», — дея ёзган Солижонов.

Собиқ депутат, жамоатчилик фаоли Расул Кушербаев ҳолатга қуйидагича муносабат билдирди.

«Итдан тарқаган дейиш ва сўкиш ҳақоратга кирмас экан. Демак, бировни «итдан тарқаган» дейиш, сўкиш, қўл кўтариш маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлмайди. Айниқса, маҳалла раислари ва фермерларга бундай қилинса. Нари борса битта интизомий чора қўлланиларкан. Бундан келиб чиқса, истаган одамни у ҳох мансабдами ёки мансабдамасми «итдан тарқаган»га чиқариб, сўкаверсак бўлади. Бу маданиятсизлик бўса-да, қонунбузарлик эмас! Қойил, раҳмат прокуратурага: қонунларни қўллашдаги тенглик, адолат ва халққа намуна бўлгани учун!», — дея ёзган Кушербаев.