Тошкент шаҳрида икки аёл ва бир эркак Жанубий Корея фуқаролари яшайдиган хонадонда босқинчилик уюштирди, дея хабар қилмоқда Тергов департаменти.

2023 йилнинг 30 июнь куни тахминан соат 13:50 да 3 нафар номаълум шахс Яккасарой тумани «Дилбулоқ» маҳалласида ижарада яшаб келаётган 61 ёшли Жанубий Корея фуқароси Н.Х. ва униг қизи 37 ёшли К.М.лар хонадонига бостириб кирган.

Улар хонадон эшигини очишган вақтда қўлларида бўлган ошхона пичоғи ва қайчи билан уй эгаларига таҳдид қилиб, хонадонда бўлган 3 дона уяли телефон аппаратлари, 1 дона планшет, 1 дона ноутбук, 1700 АҚШ доллари ва 1,5 млн сўм пул маблағларини эгаллаб, ҳодиса бўлган жойидан яширинишган.

Ушбу ҳолатдан сўнг, К.М. қонунбузарларни тақиб қилиб, кўчада ёрдам сўраганлиги сабабли, мазкур ҳудудда хизмат олиб бораётган Миллий гвардия ходимлари томонидан босқинчининг бири ушланган.

Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлар натижасида мазкур жиноятни Тошкент вилоятида яшовчи муқаддам судланган 39 ёшли Д.А., унинг бирга яшовчи турмуш ўртоғи 22 ёшли Л.А. ва Тошкент шаҳар Янгиҳаёт туманида яшовчи муқаддам судланган 29 ёшли А.Р.лар (аёл) содир этганликлари аниқланиб, ашёвий далиллар билан ушланганлар.

Ҳолат юзасидан Яккасарой тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Д.А., Л.А. ва А.Р.ларга нисбатаг Жиноят кодекснинг 164-моддаси 3-қисми «в» банди (уй-жойга ғайриқонуний равишда кирган ҳолда босқинчилик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчиларга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда, ушбу шахснинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда. Тергов давом этмоқда.