Ўзгидромет хизмати агентлиги 10−14 июль кунлари кузатиладиган об-ҳаво ҳақида маълумот берди. Синоптикларнинг хабар беришича, ушбу ҳафтанинг катта қисмида Ўзбекистон ҳудуди бўйича об-ҳаво юқори барик ўркач ривожланиши ва Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво кириб келиши билан белгиланади.

Ҳаво ҳарорати кундан-кунга кўтарилади. Ҳудуднинг катта қисмида иссиқ об-ҳавонинг чўққиси ҳафтанинг ўрталарига тўғри келади. 12−13 июль кунлари кундузги ҳаво ҳарорати +40…+42 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда +43…+45 даражагача кўтарилади. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг шимолида 11−12 июль кунлари энг юқори ҳарорат +43…+45 даража бўлиши кутилмоқда.

Кучли иссиқ қисқа муддат кузатилади. 13 июлда Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудларида, 14 июлда республиканинг барча ҳудудларида атмосферадаги жанубий оқимлар ғарбий оқимларга ўзгаради ва ҳаво ҳарорати +33…+38 даражагача, жанубда +40 даражаача пасаяди. Бундай ҳарорат фони дам олиш кунларида ҳам сақланиб туради.

Ушбу ҳафта давомида республиканинг барча ҳудудлари бўйича ҳаво кам булутли ва асосан қуруқ бўлиши кутилмоқда. 10−12 июлда шимолда ва чўл ҳудудларда, 13−14 июль кунлари республика бўйича шамол тезлиги 13−18 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши кутилмоқда.

Тошкент шаҳрида 10−14 июль кунлари асосан кам булутли об-ҳаво бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол тезлиги асосан кучсиз бўлади, 14 июлда 10−12 м/с гача кучайиши мумкин. Душанба куни кундуз куни ҳарорат +37…+39 даража бўлади, 11−13 июлда ҳарорат аста-секин кўтарилади ва 12−13 июль кунларига келиб +39…+42 даражагача, 14 июлда +36…+38 даража бўлади.