Forbes нашри 2022 йилда дивидендлардан энг кўп даромад олган россияликлар рейтингини эълон қилди. Рўйхатда миллиардер Алишер Усмонов 7-ўринни эгаллади.

Қайд этилишича, Усмонов 2022 йил давомида «Металлоинвест» компаниясидан 64,7 млрд рубль (708,7 млн доллар) дивиденд олган.

Рейтинг жами 50 кишини ўз ичига олган бўлиб, унда биринчи ўринни «Лукойл» компанияси собиқ президенти Вагит Алекперов эгаллаган. У дивидендлардан 155,7 млрд рубль (15,2 млрд доллар) даромад олган.

Маълумот ўрнида, Алишер Усмонов Forbes миллиардерлар рейтингида 122-ўринда туради. Унинг бойлиги 14,4 млрд долларга баҳоланади.

Украинада уруш бошлангандан кейин — 2022 йил март ойида Европа Иттифоқи Алишер Усмоновни ўзининг санкциялар рўйхатига киритганди. Май ойида Алишер Усмонов ЕИ кенгашининг унга нисбатан санкциялар қўллаш ҳақидаги қарорини бекор қилишни талаб қилиб, Европа судига даъво аризаси билан мурожаат йўллаган.

Шунингдек, ноябрда Financial Times Ўзбекистон Европа Иттифоқидан Алишер Усмоновга нисбатан санкцияларни бекор қилишни сўраётгани ҳақида ёзганди. Нашрга кўра, Ўзбекистон томони бу илтимосни амалдаги чекловлар миллиардернинг мамлакат иқтисодиётига инвестициялар киритишига халал бераётгани билан изоҳлаган.