Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба НАТО давлатлари Украинанинг ҳарбий блокка аъзо бўлиш бўйича аризасини тезлаштирилган тартибда кўриб чиқиш юзасидан келишувга эришганини маълум қилди. Вазир бу ҳақда ўзининг Twitter саҳифасида хабар берди.

«Кучли музокаралардан сўнг НАТО иттифоқчилари Украинанинг аъзолик йўлидан MAP [НАТО`га аъзо бўлиш бўйича ҳаракатлар режаси]ни олиб ташлаш бўйича консенсусга эришди. Мен узоқ кутилган бу қарорни олқишлайман, бу бизнинг НАТО`га йўлимизни қисқартиради. Шунингдек, ҳозирда Украинани аъзоликка таклиф қилиш масаласига аниқлик киритиш учун ҳам энг яхши вақт», — деди Кулеба.

Маълумот ўрнида, НАТОга аъзолик бўйича ҳаракатлар режаси (MAP) ҳар бир потенциал номзод учун алоҳида тайёрланади. Бундай режа аниқ қадамлар ва ислоҳотлар рўйхатидан иборат, лекин уларни тўлиқ бажарган мамлакатлар ҳам иттифоққа аъзо бўлиши кафолатланмайди. Ҳаракатлар режасида потенциал номзодлардан «халқаро келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал қилиш» кутилади.

2022 йил 30 сентябрь куни Украина президенти Владимир Зеленский ўзининг навбатдаги видеомурожаатида мамлакат НАТОга тезлаштирилган тартибда аъзо бўлиш учун ариза топширишини эълон қилганди.

«Де-факто, биз аллақачон НАТО йўлини босиб ўтганмиз. Де-факто, биз Шимолий Атлантика альянси стандартларига мос келишимизни аллақачон исботладик. Улар Украина учун ҳақиқидир — улар жанг майдонида ва ўзаро муносабатларимизнинг барча жабҳаларида ҳақиқийдир», — деганди Зеленский.