Вазирлар Маҳкамаси 5 июль куни Бухоро вилояти Қоракўл туманида IT кластерни ташкил этиш тўғрисидаги қарорни тасдиқлади.

Кластер Қоракўл тумани «Хўжалар» маҳалласи ҳудудидаги 6,94 гектар майдонда жойлашган. У ахборот-коммуникация технологиялари ва IT хизматларини экспорт қилиш бўйича таълимга ихтисослашган бўлади.

Кластерни ташкил этиш учун Ҳиндистоннинг Acharya Institutes компанияси масъул бўлади. У 2022 йил октябрь ойида Рақамли технологиялар вазирлиги, Бухоро вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда Қоракўл туманида Acharya университетини ташкил этиш тўғрисида битим имзолади ва унга 2 миллион доллар сармоя киритиш мажбуриятини олди.

Қоракўл IT кластерида университетнинг замонавий инфратузилма ва лабораториялар билан ишлаши йўлга қўйилади, масофавий IT хизматлар экспорти маркази, тадқиқот марказлари ва стартап лойиҳаларни ривожлантириш инкубация маркази ҳам очилади.

Қарорга кўра, биринчи босқичда 2023 йил 31 декабргача 5600 ўринли маъмурий бино, ўқув лабораторияси ва ўқув бинолари қурилади. Иккинчи босқичда 2024 йил 1 сентябрга қадар 1300 ўринли талабалар ётоқхонаси, 15 ўринли меҳмонхона, 100 ўринли инкубация маркази, 200 ўринли IT хизматлар экспорти маркази, ошхона, очиқ ва ёпиқ турдаги спорт иншоотлари қурилиши режалаштирилган.

Объектлар топширилгунга қадар Бухоро вилояти ҳокимлиги ва вазирликларга дарслар ўтказиш учун тегишли бино ажратиш ва уни Acharya университетига тақдим этиш топширилди. Ижара харажатлари маҳаллий бюджетдан қопланади.

Университетда дарслар сентябрь ойидан бошланиши кутилмоқда.