3−7 июль кунлари Тошкентда «Янги Ўзбекистонда тараққиёт, инновация ва маърифат» мавзусида Халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. Унинг доирасида 6 июль куни сув ресурсларини тежаш мавзусида анжуман ўтказилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Тадбирда сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев Ўзбекистон сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича Марказий Осиёда биринчи, МДҲ давлатлари орасида иккинчи, Осиёда тўртинчи ва дунёда 13-ўринда турганини таъкидлади.

Вазирнинг тақдимотида қайд этилишича, айни вақтда мамлакатдаги суғориладиган майдон 4,3 млн гектар бўлиб, шундан 1,2 млн гектарида (28 фоизида) сув тежовчи технологиялар жорий этилган.

Суғориладиган майдонларнинг 473,5 минг гектарида томчилатиб суғориш, 44,7 гектарида ёмғирлатиб суғориш, 18 минг гектарида дискрет суғориш, 569 минг гектарида лазерли текислаш, 133,9 минг гектарида бошқа турдаги сув тежовчи технологиялар қўлланилмоқда.

Сув тежовчи технологияларни маҳаллийлаштириш даражаси 80 фоиз бўлиб, мамлакатда бу билан шуғулланадиган корхоналар сони 50 тадан ошган.

Маълумот ўрнида, 2020 йил 16 сентябрь куни Шавкат Мирзиёев раислигидаги йиғилишда шу пайтгача 285 минг гектар, яъни бор-йўғи 7 фоиз ерда сув тежовчи технологиялар жорий этилгани айтилганди. Шунингдек, 2021 йил сув тежовчи технологияларни жорий этишни 600 минг гектарга етказиш режа қилиб қўйилганди.

Аввалроқ сув хўжалиги вазирлиги ўз баёнотида мамлатга 2030 йилга бориб 7 млрд куб метр сув етишмаслигини қайд этганди. Янги объектлар ва аҳоли сони кўпайиб бораётгани, бу эса сув ресурсларининг янги миқдори ва сифатини талаб қилиши таъкидланганди.